Исроил Украинага дронларга қарши тизимлар жўнатади

Исроил Украинага дронларга қарши тизимлар жўнатади

Исроил Украинага учувчисиз парвоз аппаратларига қарши курашда қўлланилувчи тизимларни сотиш учун экспорт лицензияларини тасдиқлади. Улар ёрдамида Россия жангда қўллаётган Эрон дронларига қарши курашиш мумкин, деб ёзади Axios Исроил ва Украина расмийларига таяниб.

Нашр суҳбатлашган манбаларнинг маълум қилишича, феврал ойи ўрталарида, Бош вазир Бенямин Нетаняху кўрсатмаси билан Исроилнинг бу урушга муносабати қайта кўриб чиқилаётган пайтда, Мудофаа вазири Йоав Галлан ва ташқи ишлар вазири Эли Коэн бу келишувга рухсат берган.

Лицензиялар Elbit ва Rafael компаниялари учун берилди. Расмийларнинг фикрича, бу сиёсий қадам Исроил сиёсатидаги ўзгаришни англатмайди, чунки улар берилаётган техника мудофаа характерига эга ва ўт очиш учун ишлатилмайди. Қолаверса, бу тизимларни Киевга тақдим этиш Исроил манфаатларига ҳам жавоб беради. Чунки Исроил ҳарбий муҳандислари шу баҳона бу тизим Эрон дронларига қарши урушда қанчалик самарали эканини ҳам текшириб олишмоқчи.

Авваллари расмий Тел-Aвив Украинага ҳарбий ёрдам бермасликка ҳаракат қилиб, бу Россия билан кескинликни келтириб чиқариши ва Исроилнинг Суриядаги хавфсизлик манфаатларига зарар етказишидан қўрқиб келган.

Дронга қарши тизимлар 40 км. масофага етувчи таъсир кучига эга. Уларни электр станциялари ёки шунга ўхшаш муҳим объектлар яқинига ўрнатиш ҳам мумкин.

Украина Мудофаа вазирлиги делегацияси аллақачон Исроилга ташриф буюриб, ушбу тизим тақдимотида иштирок этган уларни сотиб олиш заруриятини баҳолаган. Лекин ҳали шартнома имзоланмаган.

Расмий равишда Исроил Украина президенти Владимир Зеленскийнинг илтимослари ва AҚШ маъмуриятининг босимига қарамай, Киевга фақат гуманитар ёрдам кўрсатишни тасдиқлайди, қурол етказиб беришдан бош тортиб келади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!