Иқтисодий мулоқот дастуридан Афғонистонгача. Мирзиёев ШҲТ саммитида нималарни таклиф қилди?
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг таклифига биноан 4-июл куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги навбатдаги мажлисида иштирок этди.
Саммитнинг кун тартибидан келиб чиқиб, Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни баён қилди. Хусусан, давлат раҳбари кўп томонлама сиёсий ҳужжат - ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
“Унинг қабул қилиниши устувор вазифаларни аниқлаш, янги шароитларда кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича умумий ёндашувлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради”, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ШҲТ давлатлари саноат ва инновацион тараққиёт кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилгани ҳолда улкан интеллектуал салоҳиятга, энг бой энергия ва аграр ресурсларга эга эканини қайд этди.
“Бугунги кунда ички-минтақавий савдо ва саноат-технологик ҳамкорликни ривожлантириш учун умумий маконни шакллантириш ташаббуси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Шу маънода, Президент инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва келажак саноатининг бошқа тармоқларини қамраб оладиган ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқоти дастурини қабул қилишни таклиф этди. Бу йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар ҳудудларининг инновацион шериклиги ҳафталигини ҳамда юқори теҳнологиялар қўшма кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.
Транспорт-коммуникация масалаларига тўхталиб, Ўзбекистон Президенти ШҲТ давлатларининг транспорт ўзаро боғлиқлигининг ягона харитасини ишлаб чиқиш ташаббусини билдирди.
“Бу “тўсиқлар” ва “бўшлиқлар”ни аниқлаш, умумий, интеграциялашган транспорт-транзит тизимини шакллантириш учун устувор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни белгилаш имконини беради”, деди Мирзиёев.
Келгуси йилни ШҲТ маконида Экология йили деб эълон қилинишини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон етакчиси “Яшил камар” дастури доирасида Минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлашни таклиф қилди.
“ШҲТ майдонида иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва “тоза” технологияларни жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва сув тежамкорлигини ривожлантириш бўйича яқинроқ мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорлик зарур”, деди у.
Ўзбекистон Президенти Самарқанддаги "Ипак йўли" халқаро университети негизида шу йилнинг октябр ойида Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида ШҲТ туризм индустриясини ривожлантириш бўйича қўшма илмий-амалий конференсия ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Давлат раҳбари ШҲТнинг бой маданий-гуманитар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида ўзаро мувофиқлашган сиёсатни амалга оширишнинг долзарб аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шу муносабат билан интенсив маданий алмашинувнинг йиллик тақвимини шакллантиришни амалиётга жорий этиш ҳамда “ШҲТ - келажакнинг ижодий ғоялари ва ташаббуслари макони” ёшлар алмашинувини кенгайтириш бўйича Тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф қилинди.
ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятини фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қайд этиб, Шавкат Мирзиёев тузилма кенгашининг сайёр йиғилишлари амалиётини давом эттиришни қўллаб-қувватлади, бу тузилманинг замонавий таҳдидларга тезкор жавоб бериш масалаларида ваколатларини оширишга имкон беришини таъкидлади.
Яна бир муҳим масала - Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятга тўхталиб ўтилди. Президент Афғонистоннинг бевосита қўшнилари бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари узоқ муддатли сиёсий ечимни топишдан барчадан кўра манфаатдор эканини таъкидлади. Шу муносабат билан “ШҲТ – Афғонистон” алоқа гуруҳи форматида қўшма фаолиятни ва маслаҳатлашувларни қайта тиклаш таклиф қилинди.
