Инсонпарварлик, адолатлилик, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида...

Инсонпарварлик, адолатлилик, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида...

Президентимиз 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларга алоҳида ташаббуслар билан, эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, жазо тизимини либераллаштирилиши муносабати билан 2020 йилда жиноят содир қилган 74 фоиз шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланганлиги, халқимизнинг инсонпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик каби ўзига хос қадриятларининг чин маънодаги юксак намунаси сифатида жиноят содир қилган 616 нафар афв этилганлиги, 719 шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганлиги эътироф қилинди. Бу ўз навбатида одамларнинг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини ортиб боришига ҳам сабаб бўлмоқда.

Президентимиз таъкидлаганларидек, охирги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида 40 дан ортиқ Қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинганлигини, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллашини, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканлиги давр тақозосидир.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул килинди. Ушбу Қонунга кўра эндиликда:

-суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилди;

-прокурорнинг айбловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра тугатишга сабаб бўлиши белгиланди;

-эндиликда биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан йигирма сутка ичида апелляция тартибида шикоят, протест берилиши мумкин бўлади;

-Қорақалпоғистон Республикаси судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикоят ёки протест Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўрилади;

-апелляция инстанцияси судининг ҳукми, ажрими устидан кассация тартибида шикоят, протест берилиши мумкин бўлади;

-судланувчи содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги сабабли оқланган тақдирда, оқлов ҳукмининг қарор қисмида жиноят содир этган шахсларни аниқлаш ва уларни жиноий жавобгарликка тортиш учун иш прокурорга юборилиши кўрсатилади;

-кассация тартибида берилган шикоят, протест Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўрилади;

-кассация инстанцияси суди жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг Жиноят-процессуал кодексининг 497-17-моддасида назарда тутилган асосларга кўра киритган кассация протести бўйича кассация тартибида такроран кўриши мумкин бўлади.

Қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар моҳияти “бир суд бир инстанция” тамойилини акс эттирган бўлиб, фуқароларни ортиқча сарсонгарчиликларини камайишига хизмат қилади.

Жамшид Мамуров,

Наманган вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!