Ҳуқуқбузарлик ҳолатида шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқлангани сабабли суд қарори бекор бўлди
Суд қарорига кўра, Р.Сохибов (исм шарифлар ўзгартирилган) “Дамас” русумли автомашинасини Янгиқўрғон – Калишоҳ автомобил йўли бошқариб кетаётиб, “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди талабларини бузиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмасдан, ўзидан олдинда ҳаракатланиб чорраҳадан чапга бурилаётган И.Миродилов бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинанинг чап ён қисмига уриб, тўқнашув содир қилган.
Ўзбекистон Республикаси МЖтК 307-моддасида, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш вақтида тегишли орган (мансабдор шахс): маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган-этилмаганлигини, ҳуқуқбузарлик содир этилган вақт ва жойни, мазкур шахс уни содир этишда айбдор-айбдор эмаслигини, унинг маъмурий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслигини, жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар бор-йўқлигини, шунингдек ишни тўғри ҳал этишда аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги кўрсатилган.
Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасининг 1-қисми билан жавобгарликка тортилиши назарда тутилган.
Наманган вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 20 октябрдаги ажрими билан И.Миродиловни тан жароҳатлари юзасидан комиссион суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Наманган вилоят маъмурий судининг кассация инстанциясида аниқланган ҳолатларга асосан Р.Сохибовнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, транспорт ходисаси содир этиши натижасида И.Миродиловга ўртача оғир жароҳат етказилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорининг 17-бандида, суд ҳуқуқбузарлик ҳолатида шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бор деган хулосага келса, МЖтК 278-моддасига мувофиқ материалларни прокурорга юбориш тўғрисида қарор қабул қилиши назарда тутилган.
Шунга кўра, кассация инстанцияси тайинланган комиссион экспертиза хулосасига асосланиб, Р.Сохибовга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари бор деган хулосага келиб, суд қарорини бекор қилиб, унга оид ишни прокурорга юборишни лозим топди.
Дониёр Тожибоев,
Наманган вилоят маъмурий суди судьяси