Ҳиндистонда ибодатхона қулаши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистонда ибодатхона қулаши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистоннинг марказий қисмидаги ибодатхонада қудуқ қопқоғи қулаши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди, дея хабар беради The Guardian.

Фожиали воқеа Мадхья-Прадеш штати Индор шаҳрида юз берди. Маҳаллий маъмуриятнинг таъкидлашича, қопқоқ оғир юк туфайли қулаб тушган.

Зинапояли қудуғни ёпиб турган қопқоқ фақат металл панжара устига қуйилган плиткалардан иборат эканлиги аниқланди.

Мадхья-Прадеш ички ишлар вазири Нароттам Мишра фожиа юзасидан суриштирув бошланганини ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўланишини маълум қилди.

Пайшанба куни ибодатхонада бўлиб ўтган Рам Навами ҳинду фестивалида асосан аёллар ва болалар иштирок этди.

Полициянинг айтишича, қудуқ қопқоғи сифатида қўлланилган ибодатхонадаги заиф пол одамларнинг оғирлигини кўтаролмай, қулаб тушган. Шу пайт қудуғда тахминан 25 фут (7,6 метр) сув бўлган.

Маҳаллий фавқулодда вазиятлар ходимлари қудуққа тушиб кетганларга ёрдам бериш учун арқон ва нарвонлардан фойдаланган.

Воқеа содир бўлган вақтда ибодатхонада бурчакда тургани учун тирик қолган аёлнинг сўзларига кўра, баъзи диндорлар қудуқда қараб дуо қилиб турган пайдта қулаб кетишган.

Расмийларнинг айтишича, қутқарув ишлари давом этмоқда. Ҳозирда 18 киши қутқариб олинган, уларнинг барчаси касалхонада.

The Times of India хабарига кўра, Индор шаҳри маъмурлари январь ойида маъбаддаги полни олиб ташлашга уринганини исботловчи ҳужжат мавжуд. Чунки унинг яроқсизлиги олдиндан аниқланган.

Афсуски, улар маҳаллий ҳиндуларнинг норозиликлари туфайли ўз режаларидан воз кечишган.

Худди шундай фожиа ўтган йилнинг ноябрь ойида Ҳиндистон ғарбидаги Гужарат штатида содир бўлган эди.

Ўшанда Морби дарёсида 135 киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!