Етти давлат UNRWA'нинг Исроилда тақиқланишига қарши чиқди
Германия, Франция, Буюк Британия, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Корея Исроил парламентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ишлари агентлиги (UNRWA) ишини жиддий чеклайдиган қонун лойиҳаларидан «чуқур хавотир билдирмоқда». Бу ҳақда 27 октябр, якшанба куни Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган етти давлат ташқи ишлар вазирликларининг қўшма баёнотида айтилади.
«UNRWA Ғазо сектори, Шарқий Қуддус, Ғарбий соҳил ва бутун минтақадаги фаластинлик қочқинларга муҳим ва ҳаётни сақлаб қоладиган инсонпарварлик ёрдами ва асосий хизматларни тақдим этади. Унинг ишисиз бу ёрдам ва хизматлар, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва Ғазода ёнилғи тақсимоти масаласи жуда қийинлашади», дейилади маълумотда.
Ташқи ишлар вазирлари Исроил ҳукуматини халқаро мажбуриятларини бажаришга, UNRWA имтиёз ва иммунитетларини сақлаб қолишга ҳамда барча шаклларда тўлиқ, тез, хавфсиз ва чекланмаган гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, жуда зарур бўлган асосий хизматларни тақдим этиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга «қаттиқ чақирди».