Эрон АҚШ ҳарбий кемасига таҳдид қилди: Ҳўрмуз атрофида кескинлик кучаймоқда
Эрон Ҳўрмуз бўғози яқинида ҳаракатланаётган АҚШ ҳарбий кемасига зарба бериш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда Eроннинг Fars агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, АҚШга тегишли эсминец БААнинг Фужайра портидан Ҳўрмуз бўғози томон ҳаракатланаётгани аниқланган.
Хабарда айтилишича, Эрон ҳарбийлари ўз музокара делегацияси орқали огоҳлантириш юборган. Унга кўра, агар АҚШ кемаси ҳаракатни давом эттирса, у 30 дақиқа ичида нишонга олиниши мумкин. Бу хабар Покистон орқали воситачиларга етказилган.
Fars агентлиги кейинчалик АҚШ эсминци ҳаракатини тўхтатганини ҳам хабар қилди. Унга кўра, бу қарор Эрон томонининг кескин жавоби ва дипломатик огоҳлантиришларидан сўнг қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Вашингтон Ҳўрмуз бўғозида «тозалаш ишлари»ни бошлаганини маълум қилганди.
Унинг таъкидлашича, бу ҳаракат халқаро денгиз йўлларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
«Биз Ҳўрмузни дунё давлатлари учун тозалаяпмиз. Кўплаб мамлакатлар бу ишни ўзи қилишга журъат этмаяпти», – деган Трамп.
