Энг яхши саҳна асарлари болалар учун​

Энг яхши саҳна асарлари болалар учун​

Пойтахтимизда Халқаро болалар ва ёшлар театрлари ассоциацияси аъзоларининг учрашувига бағишланган тадбир бўлиб ўтмоқда. Мазкур тадбир Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ташкил этилганининг 90 йиллигига ҳамоҳанг ўтказилаётгани эътиборга моликдир.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков, АССИТЕЖ Ўзбекистон ижодий тузилмаси раҳбари, Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри директори Зулфия Ҳамраева ва бошқалар болалар учун бадиий етук саҳна асарлари яратиш театр соҳаси вакиллари зиммасига катта масъулият юклашини таъкидлади.
Мамлакатимизда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, ўғил-қизларнинг бадиий-эстетик дидини тўғри шакллантириш, уни юксалтириш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Юртимизда қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари ёшларга пухта таълим-тарбия бериш баробарида уларнинг онгу тафаккурини турли зарарли ва ёт ғоялардан ишончли ҳимоялашдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимиз театрлари сафида фаолияти болалар учун мўлжалланган ижодий жамоалар ҳам самарали ишламоқда. Ўзбекистон давлат ёш томошабилар театри улар орасида муҳим ва етакчи ўрин эгаллайди. Ўтган вақт мабайнида мазкур театрда болалар учун саҳна асарларини яратишнинг миллий мактаби ва анъаналари шаклланди. Жамоада яратилган бир қатор спектакллар ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаши билан бирга ўғил-қизларда оқни қорадан, яхшини ёмондан теран фарқлай олиш, тўғрилик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, катталарга ҳурмат каби фазилатларнинг шаклланишида муҳим омил бўлмоқда.
Жамоанинг бир қатор спектакллари хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро фестиваллар, кўрик-танловлар, театр байрамларида муваффақиятли намойиш этиб келинмоқда. Халқаро болалар ва ёшлар театрлари ассоцияциясига 2018 йил Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри негизида АССИТЕЖ Ўзбекистон номи билан мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча болалар театрлари аъзо бўлди. Бу эса болалар театрига оид амалий ишларни янада такомиллаштириш, ундан халқаро театр жамоатчилигини кенгроқ бохабар этишда муҳим аҳамият касб этади.
Анъанага кўра, ташкилотга янги аъзо бўлган мамлакатда Халқаро болалар ва ёшлар театрлари ассоциациясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилади. Юртимизда бошланган АССИТЕЖ тадбири доирасида спектакллар намойиши, уларнинг муҳокамаси ва болалар театри олдида вужудга келган долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун семинарлар, суҳбатлар ва ижодий мулоқотлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Тадбир давомида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри, Ўзбекистон давлат ёшлар театри ва Ўзбекистон давлат қўғирчоқ театри томонидан тайёрланган бир қатор спектакллар намойиш этилади. Асосий анжуман Болалар спектакларида томошабинларнинг ёшларини чегаралаш тамойиллари мавзусини ўз ичига олади.
Сир эмаски, бугунги кунда болаларнинг тафаккурини турли ёт ва зарарли ғоялардан ишончли ҳимоялаш муҳим ўрин эгаллайди. Бу эса театр жамоалари, айниқса, ёш томошабинлар учун мўлжалланган ижодий жамоалар зиммасига ҳам залворли вазифаларни юкламоқда. Дарҳақиқат, юртимизнинг эртанги куни ёш авлодга боғлиқ экан, демакки, фарзандларимиз энг мукаммал, баркамол ва пухта саҳна асарларига муносиб. Мазкур йўналишдаги ўзаро фикр ва тажриба алмашиш истиқболдаги режалар, амалий саъй-ҳаракатларни белгилаб олиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, ижодий сафарлар уюштиришда муҳим аҳамият касб этади.
АССИТЕЖ Осиё 2019 конференциясида Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Озарбайжон, Бельгия, Грузия, Исроил, Покистон, Россия, Эрон, Шри-Ланка, Беларусь, Мўғилистон каби давлатлардан вакиллар иштирок этмоқда.
Болалар театр жамоаларининг бу каби ўзаро фикр ва тажриба алмашуви ғоят муҳимдир, дейди АССИТЕЖ ташкилоти координатори, санъатшунос Наталия Райтаровская (Россия Федерацияси). Негаки, ёшлар тарбиясидек масъулиятли вазифа ҳозирда барча мамлакатлар учун долзарбдир. Биз Ўзбекистонда маданият ва санъат ривожига катта эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўлдик.
Маданий-маърифий анжуманнинг илк тадбири Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри жамоасининг устоз адиб Ғафур Ғулом асари асосида саҳналаштирилган Шум бола спектакли билан бошланди.
Manba: uza. uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!