Эллик йиллик намозини қайта ўқишга кетган Шайх

Эллик йиллик намозини қайта ўқишга кетган Шайх

Замона шайхининг қулоғига "Бир йигит масжидда зуҳд (пархезкорлик) ҳақида маъруза қиляпти”, деган гап етибди. 

Шайх шерикларини бошлаб, ўша йигитнинг олдига борибди. Масжидга кириб йигитга савол берибди:

— Эй сен, менга намоз ҳақида гапириб бер-чи, нималарни биласан?

Йигит жавоб берибди:

— Намознинг одобидан гапирайми ёки кайфиятиданми?

Шайх ичида шундай деди: “Ажиб, битта савол берсам, иккита савол қилиб қайтарди-я”.

— Одобидан гапира қол, — дебди.

Йигит айтибди:

— Намознинг одоби, Аллоҳнинг амрига кўра ўрнингдан турмоғинг, савоб умидида ниятга қилмоғинг, Аллоҳни улуғлаб такбир айтмоғинг, тажвид ила қироат қилмоғинг, хушуъ ила рукуъ қилмоғинг, хузуъ ила саждага бош қўймоғинг, ихлос ила ташаҳҳуд ўқимоғинг ва Аллоҳнинг раҳмати билан салом бериб намоздан чиқмоғингдир. 

Шайх яна айтибди:

— Энди намоз кайфиятидан гапириб бер-чи?

Йигит: ”Хўп бўлади”, деб жавоб берибди: 

— Каъбани икки қошинг ўртасига, тарозию мезонни кўзинг олдига, пилсиротни оёғинг остида, жаннатни ўнг ёнингга, дўзахни чап ёнингга қўясан, ортингда эса ўлим фариштаси жонингни олишга шай турган бўлади. Шу ҳолатда намозингни тамом қиласан, шундан сўнг намозинг қабулми ёки қабул бўлмай юзинга уриладими, билмайсан!

Шайх йигитдан: 

— Худди шу кайфиятдаги намозни неча йилдан бери ўқийсан, — деб сўради.

— Йигирма йилдан бери, — деди йигит.

Шайх шерикларига: “Қани кетдик, эллик йиллик намозимизни бошидан адо этамиз”, — дебди.

Араб тилидан Абдулатиф Абдулғани таржимаси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!