Дунёнинг иккинчи ўриндаги армияси эшакларга ўтмоқда

Украинадаги рус қўшинларида транспорт воситаларининг кескин етишмаслиги кутилмаган тарзда намоён бўлди. Украина позицияларига ҳужум қилиш учун фуқаролик автомобиллари ва электр самокатларидан фойдаланилганидан сўнг, эшаклар ва отлар ишга тушди. "Ҳарбий мухбирлар" айтишича, ҳайвонлар ўқ-дориларни ташиш учун ишлатилмоқда.
"Кирилл Фёдоров / Уруш тарихи Қурол" номли телеграм-каналида Мудофаа вазирлиги бўлинмалардан бири учун юборган янги "арава транспорти" ҳақида ёзилди. "Жангчиларга ўқ-дориларни олдинга олиб бориш учун эшак берилди. Нима деб ўйловдингиз? Ҳозир автомобиллар танқис!" - дея ғазабланади З-блогер. Таъкидланишича, Мудофаа вазирлигининг техника ва юк ташиш воситалари рўйхати тўғрисидаги буйруғига кўра, транспорт воситаси сифатида ҳайвонлардан, шу жумладан эшак ва хачирлардан фойдаланиш мумкин.
"Россия ҳарбийлари ҳайратлантиришда давом этмоқда. Қўмондонлик бўлинмаларнинг логистика имкониятларини от-уловлар - эшаклар ва отлар ҳисобига кенгайтирмоқда," дея ёзган ҳарбий таҳлилчи Ян МатеЭв, қўшимча қилиб, ҳозирча бу камдан-кам учрайдиган ҳолат эканини, аммо "ярим йилдан сўнг яна нималарни кўришимизни ким билади," деган.
"Новая газета - Европа" Россиялик ҳарбий эксперт билан суҳбатлашди. У, анонимлик шарти билан, эҳтимол, бу ҳолатда маҳаллий ташаббус ҳақида гап кетаётганини маълум қилди. Унинг фикрича, ҳайвонларни фронтда қўллаш оммавий тус олиши даргумон. "Ташландиқ хўжаликларда эшак ёки от топиб, уларни ишлатишни бошлашади. Эшак ёки от лойқада йўлсизликни енгиб ўтиб, масалан, озиқ-овқат ёки ўқ-дориларни йўллардан узоқда жойлашган ўрмонзордаги таянч пунктига етказиб бериши мумкин," - деди эксперт.
Илгари Forbes россиялик аскарларнинг фронтда отлардан фойдаланаётгани ҳақида хабар берган эди. Журналистлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган, Россия Федерациясининг икки аскари қишлоқ йўлида отда кетаётганини кўрсатувчи видеога ҳавола қилишган."Қаранглар, Украинадаги йигитлар отни миниб олишибди," - дейди аскарлардан бири. "Дунёнинг иккинчи армияси" ўзининг бутун кўркини намоён қилмоқда. Россия империяси даврига қайтаяпмиз - отлиқ қўшин ва миллий озчилик вакиллари тўп ўқи бўлиш учун. Бу аскарлар табиий бойликларига ниҳоятда бой бўлган Саха Республикасидандир. Бироқ, Саханинг туб аҳолиси Украинада ўғирланган отларда жанг қилаётган бир пайтда, Москва уларнинг олмослари, олтинлари, гази ва нефтидан келган даромадлар билан ўз хазинасини тўлдирмоқда," - дея кадрларга изоҳ берди Украина Ички ишлар вазирлиги ўринбосари Антон Герашченко.