Дунёда чақалоқларни она сути билан парваришлаш кўрсаткичлари нега кескин пасаймоқда? ЖССТ бунга изоҳ берди

🤱Чақалоқ учун таркибида юздан зиёд шифобахш микроэлементлар жамланган, иммуноглобулинга бой она сутидан ҳам кўра мукаммалроқ озуқа йўқ. Шу боис у гўдакни турли инфекциялардан ҳимоялайди, иммунитетини мустаҳкамлайди.
📉 Аммо ЖССТнинг янги баёнотига кўра, кейинги йилларда гўдакларни она сути билан парваришлаш кўрсаткичлари тобора пасайиб бормоқда.
👩🏻🍼Хусусан, ҳозир дунё бўйича олти ойгача бўлган болаларнинг атиги 44 фоизигина она сути билан озиқланмоқда. Ҳар икки янги туғилган чақалоқдан бири сунъий озуқа билан парваришланяпти.
📊 Бироқ сўнгги йигирма йил ичида кўкрак сути ўрнини босувчи сунъий маҳсулотларни сотиш кўлами эса тахминан икки баравар кўпайган.
🍼 Буни мутахассислар дунёда чақалоқлар учун мўлжалланган сунъий сут маҳсулотлари реклама ва маркетингига зўр берилаётгани ва ҳатто ёлғон тарғибот авж олаётгани билан изоҳламоқда.
🚫 Оқибатда “фарзандингизнинг дуркун ва соғлом ўсишига ёрдам беради”, “уйқусини меъёрлаштиради”, “турли касалликлардан ҳимоялайди” каби ҳийлакор рекламаларга алданиб, сунъий аралашмаларни маъқул кўраётган оналар, афсуски, кўпайиб боряпти.
👶🏻 Шу боис ЖССТ болаларни олти ойлик бўлгунига қадар фақат она сути билан парваришлашни, икки ёшга тўлгунича эса эмизишни тўхтатмаган ҳолда қўшимча овқатлар билан озиқлантиришни тавсия қилади.
⚖️ Ташкилот, ўз навбатида, ҳукуматларни бундай маҳсулотлар рекламаси ва маркетингини тартибга солишга чақирмоқда.
‼️ Эслатиб ўтамиз: 2019 йил 23 октябрда қабул қилинган “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, мамлакатимизда она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланган.