Чарлз III га тож кийдириш санаси ва маросим режаси маълум бўлди

Чарлз III га тож кийдириш санаси ва маросим режаси маълум бўлди

Британия монархи Чарлз III га тож кийиш маросими 2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтади, бу ҳақдаги маълумот Букингем саройи матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Буюк Британия янги қиролининг тахтга ўтириши муносабати билан тантаналар уч кун - 6-8 май кунлари ўтказилади.

Биринчи куни монархга тож кийдирилади. Тадбир Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтади. 7 май куни Виндзор қалъаси деворлари ёнида жаҳон эстрадаси юлдузлари иштирокида катта концерт, лазер ва ёруғлик шоуси ҳамда дронлар паради бўлиб ўтади. 8 май куни катта тадбирлар бўлмайди, бироқ бу кун мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинган.

Анъанага кўра, янги қиролга тож кийдириш маросими зудлик билан ўтказилмайди. Чунки тадбир жуда пухта тайёргарликни талаб қилади. Қиролича Елизавета II 1952 йил февралда монарх бўлган, лекин фақат 1953 йил июн ойида тож кийган эди.

Сўнгги 900 йил давомида тож кийдириш маросими Вестминстер аббатлигида ўтказилмоқда. У ерда тож кийган биринчи монарх Уилям Фотиҳ эди, Чарлз эса қирқинчи бўлади.

Тадбир диний маросим шаклида ўтказилади. Унинг якунида Кентербери архиепископи Чарлзнинг бошига 1661 йилда соф олтиндан ясалган Авлиё Эдвард тожини кийдиради. У Лондоннинг Тауэр қалъасида сақланади. Монарх тожни фақат мана шу маросимда кияди, чунки у 2,23 кг оғирликка эга.

Чарлзнинг рафиқаси Камилла консорт-қиролича бўлади (инг. consort - «шерик, ҳамроҳ») - бу Букингем саройининг Елизавета II вафотидан кейин берилган баёнотида алоҳида таъкидланган. Ворислик тамойилига кўра, Камилла келажакда тахтга даъвогарлик қила олмайди, шу туфайли, Чарлзнинг ҳамроҳи, консорт-қиролича ҳисобланади.

73 ёшли Чарлз Британия тарихида тахтга ўтирган энг кекса инсондир. Бунгача энг кекса қирол Уилям IV бўлган. 1830 йилда тахтга ўтирганида у 64 ёшда эди ва 71 ёшда вафот этди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 96 ёшида вафот этганидан сўнг, унинг ўғли, 73 ёшли шаҳзода Чарлз янги қирол деб эълон қилинган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!