«Буларни 50 йилга қамасангиз ҳам эрим тирилиб келмайди...» ИИБ ходимлари уриб ўлдирган чироқчилик эркакнинг хотини суддан айбланувчиларни озод қилишни сўради

«Буларни 50 йилга қамасангиз ҳам эрим тирилиб келмайди...» ИИБ ходимлари уриб ўлдирган чироқчилик эркакнинг хотини суддан айбланувчиларни озод қилишни сўради

Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилгани айтилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради. Бу ҳақда навбатдаги суд мажлисида қатнашган «Дарё» мухбири маълум қилди.

«Буларни 50 йилга қамасангиз ҳам эрим тирилиб келмайди...» ИИБ ходимлари уриб ўлдирган чироқчилик эркакнинг хотини суддан айбланувчиларни озод қилишни сўради

Фото: «Дарё»

«Чироқчи воқеаси» айбдорлари ишини кўриб чиқаётган суд мажлиси 2020 йилнинг 16 сентябрь куни соат 15:00 да ўз ишини давом эттирган.

«Мен фақат буларнинг болаларини ўйлайман. Буларнинг ҳам аёллари бордир. Шуларни ўйлайман. Саккиз ой давомида зор қақшаб йиғладим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Шунинг учун бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Кўзим олдига шуларнинг фарзандлари келяпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари отасини кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналари қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан қанча инсонларни кечиряпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечиролмасам», — деди марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева.

Гўзал Абдиева суд ҳайъатига судланувчиларни 50 йил муддатга қамаса ҳам эри тирилиб келмаслигини, шунинг учун уларни суд залидан озод қилишни сўради.

«Буларни 50 йилга қамасангиз ҳам эрим тирилиб келмайди...» ИИБ ходимлари уриб ўлдирган чироқчилик эркакнинг хотини суддан айбланувчиларни озод қилишни сўради

Фото: «Дарё»

«Қалбимда оғриқ бор. Мени шу юкдан озод қилинг ва одилона ҳукм чиқаринг. Менинг фарзандларим етим бўлди. Энди буларнинг фарзандлари етим бўлмасин. Мен қийналганим етади. Буларнинг аёллари бошига ҳам менинг куним тушишини хоҳламайман — бу иккаласини ҳам суд залидан озод қилишингизни сўрайман. Майли, буларни чиқаринг, виждони қийналсин. Менинг елкамда оғир юк қолмасин фақат. Буларни чиқармасангиз, менинг виждоним қийналиб ўтади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, «Чироқчи воқеаси» айбдорлари иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К.Толлибоев раислигида, Ш.Эшимов котиблигида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилмоқда.

Навбатдаги суд мажлиси 2020 йил 17-сентябрь куни соат 10:00 да давом эттирилади


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!