Бразилияда бир вақтда коронавируснинг иккита штаммини юқтириб олиш ҳолатлари аниқланди

Бразилияда бир вақтда коронавируснинг иккита штаммини юқтириб олиш ҳолатлари аниқланди

Бразилиянинг Риу-Гранди-ду-Сул штатида яшовчи икки фуқарода бир вақтнинг ўзида коронавируснинг бир йўла иккита штаммини юқтириб олиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда «ТАСС».

Таъкидланишича, 30 ёш атрофидаги икки киши касалланган, уларда касаллик енгил ва ўрта формада кечган.

Нову-Амбургу шаҳар университетининг молекуляр микробиология лабораторияси олими Фернанду Спилки сўзларига кўра, хавф гуруҳидаги беморларда касалликнинг кечиши қанчалик хатарли бўлишини ҳозирча олдиндан айтиб бўлмайди.

Тадқиқотчилар тахмин қилишича, гап SARS-CoV-2’нинг икки хил штаммини бироз вақт оралиғи билан кетма-кет юқтириб олиш ҳақида бориши ҳам мумкин, бу эса касалланганларни яккалаш ва ижтимоий масофаланиш чораларига риоя қилиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади.

Олимлар Риу-Гранди-ду-Сулда коронавируснинг жами бешта турини аниқлашга муваффақ бўлди, улар орасида С-оқсилдаги мутацияга эга штаммлар ҳам бор, улар эса, бир қатор тадқиқотчилар фикрича, биринчи марта Уханда аниқланган дастлабки вирусдан анча юқумлироқ ҳисобланади. Вирус қобиғи тузилмасидаги бундай ўзгаришлар «африкача» ва «бразилияча» штаммларига хосдир.

Олимларнинг хулосалари medRxiv илмий базасига жойлаштирилган бўлиб, ҳозирча илмий журналларда нашр қилинмаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!