Божхоначилар 1,6 млрд сўмлик сигаретларнинг сохта транзитини фош қилишди

Божхоначилар 1,6 млрд сўмлик сигаретларнинг сохта транзитини фош қилишди

Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ва “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор ходимлари томонидан ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган кенг кўламдаги тезкор тадбирда тамаки маҳсулотларининг сохта транзитига чек қўйилди.

“Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига хориждан келтирилган ва республикамиздан транзит тарзида қўшни давлатга олиб чиқиб кетилиши белгиланган 2 турдаги 110 776 қути сигарет, шу жумладан чилим учун тамаки маҳсулотлари “Жартепа” чегара-божхона постига йўналтирилади.

Аммо, “Жартепа” чегара божхона постига етиб келган юк автотранспорт воситаси инпекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, унинг юкхонаси бўш эканлиги маълум бўлди.

Тезкор тадбир давомида юк машинасига ортилган тамаки маҳсулотлари Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги хонадонлардан бирига тушириб қолдирилганлиги фош қилинди.

Шунингдек, хонадондаги “Кобалт” автомашинаси юкхонасида ҳам 3680 қути чилим учун тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Шундай қилиб, мазкур ҳолатда жами қиймати 1 620 828 000 сўмлик 114 446 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. Натижада, давлат бюджетига етказилиши муқаррар бўлган 1 581 786 000 сўмлик зарар ҳам ўз вақтида бартараф этилди.

Эслатиб ўтамиз, республикамиз божхоначилари 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 55 та ҳолатда қиймати салкам 19 млрд. сўмлик 695 минг донага яқин тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйишди. Олиб қўйилган тамаки маҳсулотларининг миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таққосланганда салкам 5,5 баробарга ортган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!