БМТ штаб-квартирасида «Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон нуқтаи назари» мавзусида брифинг бўлиб ўтди

- Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги (АҚШ) штаб-квартирасида ўтказилган Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрь ойида бўлиб ўтган 78-сессиясидаги нутқи ва ташаббусларига бағишланган брифингда иштирок этди ва нутқ сўзлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Марказ директори «Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон нуқтаи назари» мавзусида бўлиб ўтган брифингдаги маърузасида ташқи савдони либераллаштириш баҳолари ҳамда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг таъсири ҳақида гапириб берди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳоларига кўра, ЖСТга аъзо бўлгандан кейин савдо харажатларининг қисқариши ва бунинг натижасида ялпи ички маҳсулот ҳамда аҳоли фаровонлигининг сезиларли даражада ўсишини кутиш мумкин бўлади. «Хусусан, савдо либераллаштирилган ҳолатда 0,4-0,5 фоиз иқтисодий ўсишга, фаровонликни эса 0,9-1,0 фоиз даражасида оширишга эришиш мумкин», – деди Обид Хакимов.
Марказ раҳбари бошланган ислоҳотлар курсини давом эттириш муҳимлигини қайд этиб ўтаркан, бугунги кунда Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш тарафдорилигини яна бир бор тасдиқлаган ҳолда савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш устида ишлаётганини таъкидлади.
«Аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган импорт божларини либераллаштириш изчил давом этаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу йўналишда Ўзбекистон ЖСТ нормалари ва стандартларига мослашмоқда, шу жумладан, нотариф савдо тўсиқларини қайта кўриб чиқмоқда», – дея қайд этди эксперт.
Марказ директори, шунингдек, Ўзбекистоннинг очиқ ташқи иқтисодий сиёсати натижалари ҳақида сўзлай туриб, бу орқали эришилган улкан ютуқлар хусусида гапириб берди. Обид Хакимовнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дунёда катта қизиқиш уйғотди ва маъқулланмоқда. Хусусан, 2017 йилда Европа Иттифоқи билан «тўқимачилик протоколи» кучга кирган бўлса, 2021 йилда Ўзбекистон GSP+ тизимининг бенефициар мамлакатига айланди. 2022 йилда эса Cotton Campaign ўзбек пахтасига очган бойкотни бекор қилди, буларнинг бари барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатади.
«Ўзбекистон иқтисодиёти қулай макроиқтисодий шароитлар туфайли 6 йил ичида 53 миллиард доллардан 2022 йилда 82 миллиард долларга ўсди, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми эса 2018 йилдаги 1 604 доллардан 2022 йилда 2 255 долларга кўтарилди. Очиқ ташқи иқтисодий сиёсат инвестициялар оқимини 3 бараварга – 2017 йилдаги 3,3 миллиард доллардан 2022 йилда 9,8 миллиард долларгача ошириш имконини берди», – дея таъкидлади Обид Хакимов.
Ўтказилган либераллаштириш натижасида ташқи савдо айланмаси жадал суръатлар билан ўсиб, экспорт имкониятлари ҳам оширилмоқда.
Баҳоларга кўра, кўрилган чора-тадбирлар экспорт ҳажмини 2017 йилдаги 12,6 миллиард доллардан 2022 йилда 19,3 миллиард долларгача оширишга имкон берди. Экспорт қилинаётган маҳсулотлар турлари 1,5 мингтадан 3 мингтага, экспорт географияси – 139 мамлакатдан 164 мамлакатга ошди, тайёр маҳсулотлар экспорти икки баравар кўпайди.
Шу билан бирга, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги устувор йўналишларидан бири Марказий Осиё мамлакатлари билан янада яқинроқ, ўзаро манфаатли муносабатлар ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ишлари бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдо ҳажми 2,6 бараварга – 2016 йилдаги 4,2 миллиард доллардан 2022 йилда 11 миллиард долларга ошди, қўшма корхоналар сони эса 5 бараварга кўпайди.
Брифинг якунида, «ўтказилган ўзгаришлар мамлакатнинг ислоҳотларга содиқлигидан далолат беради, олинган натижалар эса иқтисодий ривожланиш учун салоҳият юқорилигини билдиради», – деди Обид Хакимов.