Блогер Дима Қаюм ва риштонлик аёллар суди: Дима Қаюмнинг қўпол жавоби, аёлларнинг ҳайрати ва якуний ҳукм

Блогер Дима Қаюм ва риштонлик аёллар суди: Дима Қаюмнинг қўпол жавоби, аёлларнинг ҳайрати ва якуний ҳукм

Риштон маъмурий ишлари бўйича судида Дима Қаюм ва 5 нафар риштонлик аёллар иши кўриб чиқилди. 14 октябрда 5 нафар аёлларнинг Дима Қаюмга "хужум" қилганликлари ҳақидаги хабар тарқалган эди. Дима уларни судга бергани ҳақидаям айтиб ўтгандим. 

Суд нима билан тугаганига қизиқаётганлар учун тезроқ қарорни айтиб қўяқолай. Судя иккала томонларни бирма-бир эшитиб кўрди. 5 нафар аёлларга нисбатан энг кам иш ҳақининг 22 баробарида жарима тўлашга қарор қилинди. 

Энди бироз тафсилотлар... 

Суд бугун соат 15:00 га белгиланган бўлса-да, 2 соатча ташқарида кутишга тўғри келди. 

Кутиш жараёнида бир аёл келиб, "Дилшоджон, ука, бизни нега интернетга чиқарвордиз? Сизнинг ҳам хотинингиз бор. Уни биз ҳам съёмка қилиб, интернетга чиқарворсак, нима бўлади?" деб савол берди.

 "Менинг хотинимни интернетга чиқарганни ... (жуда қўпол жумла)" деб жавоб қилди Дима Қаюм. Бу гапни кўпчилик, ҳатто ички ишлар ходими ҳам эшитди. 

Бу гап айтилган аёл, Дима мактабда ўқиб юрганида ўқитувчи бўлиб ишлаган аёл бўлиб чиқди. Шунда бошқа бир аёл келиб "унда бизларнинг эримиз келиб сизни шунақа қилса, нима бўлади? "Самосуд" деб яна интернетга чиқарворасизми?" деб савол берди. 

Дима бу саволни жавобсиз қолдирди. Участкавой акамиз улар ўртасида янги можаро келиб чиқмаслиги учун тинчлантириб, суд бошланишини кутишга чақирди. 

Бу гапдан очиғи, ҳайрон қолдим. Диманинг ёнида далда бўлиш учун борган дўсти ҳам ҳайрон бўлиб "Бировнинг хотинини видеога олиб чиқарворишса бўларкан, лекин унинг хотинини съёмка қилганни "ўшанақа иш" қиларкан. Ажойиб мантиқ", деди. 

Аёллар ўғилларига, эрларига телефон қилишни бошлашди. Бироз ўтиб суд ҳовлиси йигитлар ва эркакларга тўлди. Ички ишлар ходими ҳам ёрдамчи куч чақиришга мажбур бўлди шекилли, бошқа ИИБ ходимлари ҳам ҳовлида пайдо бўлишди. Нафақат ҳокимлар, энди қовун тушуриш навбати блоггерларга ўтдимикин, деб ўйлаб ҳам қолдим. 

Ҳар тугул суд бошланди. Бироқ ҳалиги гапнинг таъсиридан айбланувчи аёллардан бири ҳушини йўқотгани учун тез ёрдам чақиришга тўғри келди. 

Судда Дима Қаюм даъвоси йўқлигини, аёлларни кечирганини, айб иш қилган бўлса, униям кечиришларини сўради. Сўз берилган аёллар, айбсиз эканликларини, Диманинг қаерига тан жароҳати етказишибди ёки қайси ҳақоратли сўзни ишлатишганини билишмаётганини айтиб ҳайронликларини билдиришди. Бироқ, хулоса аниқ: аёллар 22 "минималка"ни олишди. 

Айримлар Дима Қаюм ўз сафдошлари орқали чиқарган видеони кўргандирлар, лекин аёллар ҳам съёмка қилган видео бор эди. У ерда таассурот бошқача бўлади. Шунга асосланиб, аёллар ҳам қарши даъво билан судга мурожаат қилишганига қарамай, суд уларнинг аризасини кўрмасдан қолдирди. Аёллар яна ҳайрон бўлишди. 

Энг қизиғи, Дима Қаюмни қўллаб-қувватловчи Тошкентдаги, Фарғонадаги расмийлар "Риштон марказидаги ҳудуд"дан жой қилиб беришни сўрашган. Бозордан эмас, Риштон марказидан! Риштон ҳокими Субҳонжон Солиев Риштон марказидаги 3 та жойни тавсия қилган. Бироқ Дима учала жойни ҳам инкор қилиб Бозор ҳудудидан жой беришни талаб қилган. Бу ҳақда менга Риштон ҳокимияти матбуот котиби айтди. 

Кечки соат 7 дан ўтганда суд тугади. Бу ҳақда ёзишимни у ердагиларга айтдим. Гувоҳсизлар, кўрганим ва эшитганимни баён қилдим. 

Ўқиганингиз учун раҳмат!

 Баҳодирҳон Элибоев 

 

 

P/s. Муаллифнинг фикрлари сайт нуқтаи-назаридан фарқланиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!