“БАХТЛИ БОЛАЛИК”, “БОЛАЛАРГА МАЪРИФАТ УЛАШИБ”, “МАЪРИФАТ ТУР” ЛОЙИҲАЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ (ФОТО)
Болалик инсон умрининг энг беғубор, орзу-умидларга тўла жўшқин ва ҳароратли дамдир. Боланинг кулгуси, кўзларидаги қувонч бутун оламни ёритадигандек гўё. Халқимиз азалдан болажон халқ, бунга тарихимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бугун ҳам юртимизда турли соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар қаторида эртамиз эгалари бўлган фарзандларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жаҳон андозаларига мувофиқ билим олиши, маънавий камол топиши учун етарлича шарт-шароитлар яратилган. Шунинг баробарида уларнинг мароқли хордиқ чиқаришини ташкил этиш мақсадида турли кўнгилочар тадбирлар мунтазам ташкил этилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар-бир болага меҳр ва эътибор кўрсатилмоқда. Буни биргина “Меҳр” операциялари давомида Ватанимизга қайтарилган болалар мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу борада “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳам уларнинг ҳаётга қайта мослашуви, билим олиши учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани ҳеч биримизга сир эмас. Шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари учун ҳам “Маънавият фестивали” доирасида “Болаларга маърифат улашиб”, “Маърифат тур”, “Бахтли болалик” лойиҳаларини амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари “1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат ва нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан “Анҳор-Локоматив” боғида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбир ҳам бир неча эзгу ғояларни ўзида мужассамлаштирди.
“Маърифат тур” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қариб уч минг нафар фарзандлари иштирок этди.
Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, психолог, Республика экспертлар кенгаши аъзоси Жамила Шермуҳаммедова, “Ўзбекфильм” киностудияси актрисаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Барно Кадирова, Алишер Атабаев, Рихсибой Алиевлар иштирок этишди.
Китоб – замонлар тўлқинида сузувчи, ўзидаги маънолар хазинасини аждодлардан авлодларга авайлаб етказувчи тафаккур кемасидир. Унинг ҳар бир саҳифаси ҳикматларга бой ва дилларга рўшнолик киритиб, эзгу туйғуларни уйғотмоққа қодир. Китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китоблар сонини эмас, китобхонлар салмоғини ошириш ҳамда Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган 5 муҳим ташаббусни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш асосий мақсад қилиб белгиланган.
“Болаларга маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида болалар маънавиятини янада юксалтириш, дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган китоблар кўргазмаси, юртимиздаги илм, фан, санъат ва маданият вакиллари ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирокида учрашувлар бўлиб ўтди. Шунингдек, “Қувноқ цирк” томошаси барча болажонларга манзур бўлди. Сурат чизишга қизиқадиган болажонлар “Паннога расм чизиш” дастурида ўз орзуларини сурат орқали ифода этишди. Миллийлигимиз акс этган “Ҳунармандчилик кўргазмаси”да болалар миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъати йўналишлари ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ва истеъдодли болалар иштирокида концерт намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, болажонларни байрам билан табриклаб, беғуборлик уларни тарк этмаслигини тилашди. Юртбошимиз ва барча ота-оналар уларга қаттиқ ишонишини, Ватан келажаги уларга боғлик эканини, шу боис пухта билим олишлари, аждодларга муносиб авлод бўлиши зарурлигини таъкидлашди.
Кўзимиз қувончи, бизнинг эртамиз ва ҳаётимиз мазмуни бўлмиш кичкинтойларимизга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари берилди. “Бахтли болалик” хайрия дастури барча болажонларга манзур бўлди.





