БАА ўз тарихидаги энг йирик ҳарбий парадни ўтказди
Бирлашган Араб Амирликлари ўзининг Миллий кунини мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий парадни ўтказиш билан нишонлади. Бу ҳақда WAM хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу тадбир амирлик давлатининг ташкил топганига 53 йил тўлиши, шунингдек, ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонуннинг қабул қилинганига 10 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган.
Парадни БАА Бош вазири ва Дубай ҳокими шайх Муҳаммад бин Рашид аль Мактум ўтказди. Бундан ташқари, тадбирда мамлакат вице-президенти шайх Мансур бин Зойид аль Наҳаён ҳамда Дубай валиаҳд шаҳзодаси ва Мудофаа вазири лавозимини эгаллаб турган шайх Ҳамдан бин Муҳаммад аль Мактум иштирок этди.
Парад Абу-Даби ва Дубай чегарасидаги Ас-Самиҳ ҳудудида бўлиб ўтган. Айнан шу жойда 1968 йил 18 февраль куни икки амирлик ҳокимлари шайх Зайд бин Султон Ал Наҳаён ва шайх Рошид бин Сайид аль Мактум федерация тузиш бўйича келишувга эришган.
Парадда F-16 ва Mirage 2000 қирувчи самолётлари, C-17 Globemaster III ва C-130 Hercules ҳарбий транспорт самолётлари, AH-64 Apache ва CH-47 Chinook вертолётлари иштирок этди. Байрам паради доирасида жами 23 минг ҳарбий хизматчи ва 2 минг техника қатнашди.
БАА Қуролли кучлари вакили полковник Жамол аль-Балушийнинг айтишича, ўтган тадбир мамлакат тарихидаги энг йирик ҳарбий парад бўлган ва унга тайёргарлик бир неча ой давом этган.
Маълумот учун, БАА ҳукумати 2014 йилда миллий ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонунни қабул қилган. Унга кўра, соғлиғида муаммоси бўлмаган 17 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча эркак ҳарбий хизматга жалб этилади. Хизмат муддати чақирувчининг таълим даражасига қараб 11 ойдан 36 ойгача давом этади. Аёллар эса ихтиёрий асосда ҳарбий хизматни ўташлари мумкин, улар учун хизмат муддати 11 ой билан чекланган.