Америкада ўзбекча бизнес (қилиб бўлмайди!)
Ҳатем исмли марокашлик дўстим бор. Аниқроғи, Америкадаги энг биринчи ишимда у менинг менежерим бўлган. Пицерияда. Яқинда юк машина ҳайдашга лицензия олибди. Бир вақтлар ўша ресторанда биз билан бирга ишлаган бир ўзбек йигити ҳам ҳозирда юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган эди. Ўша болага қўнғироқ қилиб, унинг ишхонасида у билан бирга ишласа бўлиш-бўлмаслиги ҳақида сўраган экан, "Бизда фақат ўзбекларни ишга олишяпти", деган жавоб эшитибди.
Шунақа тенденция бор: Америкадаги жуда кўп ўзбекистонликлар бошқа ўзбеклар қўлида ишлайди. Кўпчилик ўзбекистонликларнинг ўз бизнеслари бор. Ресторан бизнеси, такси хизматлари, транспортация ва логистика соҳаси ва ҳоказо... Аксарияти фақат ўзбеклар ва ўзбекистонликларнигина ишга қабул қилади. Ажойиб-ку! Ватандошлар бир-бирини қўллаб қувватлайди, бир-бирига кўмак беради, ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлашади, ватандошларга ва пировардида Ватанга муҳаббатни намойиш этишади шу йўл билан, тўғрими?
Унчалик эмас. Ўзбекистонликлар фақат ватандошларни ишга олиши сабаблари юқоридаги чиройли ва баландпарвоз сабабларгина эмас. Аслида иш берувчиларга бу ҳамкорлик жуда-жуда манфаатли ҳисобланади.
Эндигина Америкага кўчиб келган ўзбекистонлик ҳали тилни яхши билмайди, балки умуман билмас. Дарҳол ишга жойлашмаса бўлмайди, чунки тўловлар кутиб турмайди. Оилали бўлса янада тез ишга киришиб кетиш керак. Тил курсларига бориш, янги бу меҳнат бозорида талабгир бирор касбни ўрганишга вақт йўқ. Пул топмаса бўлмайди. Шундай вазиятда ватандош таклиф қилаётган ишдан яхшироқ вариант йўқ. Эртагаёқ иш бошлаш мумкин. Зўр, албатта. Лекин...
Тил ўрганишга-да вақти бўлмаган инсон ўзининг ҳодим сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, ўзи истиқомат қилаётган штатнинг бу борадаги қонун-қоидалари билан қизиқиб ҳам ўтирмайди. Оқибатда унга штатда энг кам иш ҳақи соатига, айтайлик, 8,5$ қилиб белгиланган бир вақтда 5$ тўланса ҳам шукр қилади, миннатдор бўлади. "12 соат ишласам 60$ пулим бор".
Аслида, 8 соатлик иш кунидан кейин қолиб ишлагани учун ҳар бир соат меҳнатига бир ярим баробар ҳақ тўланиши кераклигидан ё хабари бўлмайди, кимдандир эшитса ҳам, буни талаб қилмайди. Қилолмайди. Бирор идорага ёрам сўраб бормайди. Ишидан хавотир олади. Тўловлар кутиб турмайди. Шу тариқа кунлари ўтади, бирор ўзгариш қилишга вақти бўлмайди, ҳафтасига 40 соат эмас 60-70 соат ишлайди. Фақат баъзан ухлашга вақти бор холос. Ўзгаришга вақт қаёқда?!
Шу тариқа бизнес эгалари қоидаларни ўзлари билан бирга четлаб ўтадиган, максимум иш қилиб, минимал шароит талаб қиладиган ва шу ҳолатда ҳам улардан миннатдор, ўз ҳуқуқларидан бехабар, уларни талаб қилиб, бошни қотирмайдиган, узоқ муддат уларга ишлайдиган ишчи-ходимларга эга бўлишади.
Бундай шароитлар ва таклиф билан маҳаллий аҳоли ёки бошқа юртлардан келган иммигрантларни ишга ололмайди. Ватандошига иш бериш истаги билан юрган уддабурон ва ишбилармонларнинг ҳаммасида ҳам, ўзаро ёрдам, оқибат, ватанпарварлик каби сабаблар бўлавермайди ҳар доим ҳам, афсуски.
Америка — янги олам. Унга катта мақсадлар билан келинади. Америка орзуингизга эриша оласиз. Бу йўлда сизга фақат ўзингиз тўсқинлик қилишингиз мумкин. Тил ўрганинг, ҳақ-ҳуқуқингизни билинг, уларни талаб қила олинг. Айниқса, Америкадек қонунлари ишлайдиган мамлакатда уларни четлаш йўлларини эмас, улар ёрдамида мақсадга эришишга усуллари ҳақида бош қотиринг. Сиз буни уддалай оласиз.
