"Аксилкоррупция инфратузилмаси ишлашда давом этади, лекин Россия таъсирисиз"

Владимир Зеленский Украинадаги коррупцияга қарши курашувчи органларнинг мустақиллигидан маҳрум этилишига шундай муносабат билдирди.
Президент Коррупцияга қарши кураш миллий бюроси (НАБУ) ва Коррупцияга қарши махсус прокуратура (САП) раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказганини маълум қилди. Учрашув, ушбу идоралар мустақиллигини йўқотиб, Бош прокуратурага бўйсуна бошлашини назарда тутувчи қонун қабул қилингани фонда бўлиб ўтди.
"Аксилкоррупция инфратузилмаси ишлашда давом этади, лекин Россия таъсирисиз, бундан ҳамма нарса тозаланиши керак", — дея таъкидлади Зеленский мурожаатида.
Унинг сўзларига кўра, НАБУ ва САП ўз фаолиятини давом эттиради, Бош прокурор эса “қонунни бузганларга жазо муқаррарлигини таъминлашга чин дилдан интилмоқда”.
"Йиллар давомида тергов қилинмай ётган ишлар ўрганилиши керак. Бир неча йил олдин Украинадан қочган амалдорлар, негадир, чет элда ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларсиз яшаб келмоқда. Бу нормал ҳолат эмас. Ҳанузгача россияликлар ўзларига керакли бўлган маълумотларга қандай қилиб эга бўлаётганларига ҳам ҳеч қандай изоҳ йўқ. Муҳими – бу идораларнинг россияликларсиз ишлаши, жазо муқаррарлигини таъминлаши ва жамият буни аниқ кўриши зарур.
Шунга қарамай, Зеленский коррупцияга қарши курашувчи органлар мустақиллигини бекор қилувчи қонунни тўғридан-тўғри изоҳламади.