5 давлат ХОҚни Россия спортчиларини олимпиадага киритмасликка чақирди

5 давлат ХОҚни Россия спортчиларини олимпиадага киритмасликка чақирди

Украина, Полша ва Болтиқбўйи давлатлари Халқаро олимпия қўмитасини (ХОҚ) Россия ва Беларус спортчиларининг нейтрал байроқ остида олимпия ўйинларида иштирок этишига йўл қўймасликка чақирди.

Бешта давлат Ташқи ишлар вазирликлари ХОҚ Ижроия қўмитаси йиғилиши бошланиши олдидан қўшма баёнот чиқариб, ташкилот аввалги позициясидан қайтганидан афсусда эканини билдирди.

«Спортчиларнинг роли уларнинг фуқаролиги билан эмас, балки Украинага қарши тажовузкор урушини давом эттираётган Кремль режимини қўллаб-қувватловчи ҳокимият ва компаниялар томонидан ҳомийлик ҳамда қўллаб-қувватланиши ёки ҳатто Россия армияси билан бевосита боғлиқлиги орқали белгиланади», дейилади баёнотда.

Бешта давлат «Россия ҳарбийлари ҳар куни Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига, жумладан, спорт иншоотларига ҳужум қилишда ва украиналикларни, шу жумладан украиналик спортчиларни ўлдиришда давом этаётганини эслатди. Миллионлаб Украина фуқаролари, жумладан, спортчилар ва уларнинг оилалари уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Украиналик кўплаб спортчилар Россиянинг ўз мамлакатларига ҳужуми туфайли ҳали ҳам спорт мусобақаларида қатнаша олмаяпти», дея таъкидланади Ташқи ишлар вазирликлари баёнотида.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах 23 март куни Эссен шаҳрида сўзлаган нутқида россиялик ва беларуслик спортчиларнинг мусобақаларга кириши учун шароит яратиш тарафдори эканини айтганди. ХОҚ раҳбарининг сўзларига кўра, россияликлар ва беларусликларнинг фақат фуқаролиги бўйича четлатилиши «дискриминация» бўлади, Олимпия ўйинлари эса «қисқа вақтда мулоқотга ҳисса қўшиши мумкин».

Бах «спортга сиёсий таъсир кўрсатиш» ва русларга «гўё улар жамоавий айбдордек» муносабатда бўлиш ҳақидаги ҳар қандай таклифга қарши эканлигини айтди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!