45 нафар соҳа фидойиси “Ахборот ва кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди

45 нафар соҳа фидойиси “Ахборот ва кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Бугун Бухоро шаҳридаги Ёшлар ижод марказида "Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVI Халқаро конференциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Конференцияда Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Туркия, Белорус, АҚШ, Россия, Тожикистон давлатларидан 60 дан зиёд ҳамда мамлакатимиздан 400 га яқин архивиарус, ахборот-кутубхона раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, бошқа мутасадди соҳа вакиллари иштирок этди.

Бундан ташқари, Нидерландия ва Литва давлатларидан ҳам онлайн тарзда иштирокчилар қатнашди.

Халқаро конференцияни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори А.Ходжаев очиб берди ҳамда барча қатнашчиларни чин маънодаги маърифат байрамида иштироклари билан қутлади.

– Билим, таълим, мутолаа ва китоблар орқали интеллектуал капитални шакллантирмасдан давлат тараққиётига эришиб бўлмайди. Бугун ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ўсишига қарамай, айнан китоб ва мутолаа жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ривожланишининг бош мезони ҳисобланади. Глобал ахборот жамияти ва тезкор ижтимоий ўзгаришлар даврида китобхонлик доимгиданда муҳимроқдир, - деди Агентлик директори нутқи давомида.

"Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган "5 ташаббус" доирасидаги лойиҳалар, бугунги кунда "Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси" ҳамда "Китобсевар миллат" умуммиллий ғоя ижроси доирасида давом эттирилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузурида 14 та ҳудудий ва 186 та туман (шаҳар) кутубхонасини бирлаштирган ягона оммавий кутубхоналар тармоғи ташкил этилди. Шунингдек, "Миллий умумтаълим электрон кутубхона" лойиҳаси ишга туширилган бўлиб, унда 1-босқичда 20 та, иккинчи босқичда 200 та республика кутубхонасининг электрон ҳамкорлиги амалга оширилади, - деди А.Ходжаев.

ХVI Халқаро конференциянинг очилиш маросимида, шунингдек, Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳам сўзга чиқиб, тарихий гўша – азим Бухоро шаҳрида ушбу муҳим аҳамиятли халқаро конференциянинг ўтказилаётганидан мамнунлигини таъкидлади ва 3 кун давомида иштирокчиларнинг самарали мулоқотлари йўлга қўйилиш учун Бухоро ҳокимлиги кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Шу билан бир қаторда, тадбирда Россия давлат кутубхонаси бош директори, Кутубхоналар ассоциацияси ва муассасалари халқаро федерацияси президенти, Озарбайжон, Тожикистон давлатлари миллий кутубхонаси директорлари, Кутубхоналар учун электрон ахборот халқаро консорциуми директори ва қатор мутасаддилар ҳам сўзга чиқишди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон ахборот-кутубхона соҳасида узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритган, ёш салоҳиятли кадрлар тайёрлашда муносиб ҳисса қўшган ҳамда миллий-маданий меъросимизни авайлаб-асрашдаги юқори хизматлари учун 45 нафар фидойи ходим “Ахборот ва кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Куннинг иккинчи ярмида хорижий соҳа мутахассислари ахборот-кутубхона ривожидаги тажрибалари ҳақида тақдимотлар қилишди.

Эслатиб ўтамиз, "Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVI Халқаро конференция 26 майга қадар давом этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!