2030 йилдан бошлаб сигарет сотиш бўйича айрим чекловлар ўрнатиш таклифлари илгари сурилмоқда

2030 йилдан бошлаб сигарет сотиш бўйича айрим чекловлар ўрнатиш  таклифлари илгари сурилмоқда

Маълумотларга кўра дунё бўйлаб ҳар йили 6 миллионга яқин инсон тамакининг зарарли таъсиридан вафот этади.

Уларнинг 12 фоизи чекувчи бўлмаганлар (пассив чекувчилар)дир.

Энг ачинарлиси, пассив чекувчилар болалар ҳисобланади. Улар атрофидаги одамларнинг чекиши оқибатида тамаки тутуни аралаш ҳаво билан нафас оладилар. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳатто пассив чекиш ҳам одамда касалликка чалиниш, ногиронликка йўлиқиш ва ўлим хавфини оширади.

Никотин танадаги метаболик жараёнга халақит берувчи, миянинг фаолияти ва физиологик функцияларига таъсир қилувчи алкоголь ва бошқа психоактив моддалар каби одамда ўрганишни келтириб чиқаради. Шу тарзда тамакига жисмоний боғлиқлик шаклланади. Одам доимий никотин оқимига ўрганиб қолади. Тамакидан фойдаланиш тўхтатилса, ташвиш ва хавотир ҳисси пайдо бўлади. Бу жисмоний қарамликнинг сигналидир. Чекишга бўлган эҳтиёж овқатланишга бўлган эҳтиёж билан тенглашиб қолади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти чекиш таъсири остида организмда ривожланиши кучаядиган 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон) ҳақида хабар беради. Тиббий тадқиқотлар бўйича Британия Кенгаши олимларининг кўп йиллик тадқиқотида ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида жиддий илмий далиллар келтирилган. Юрак ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамларга тўғри келади. Статистик маълумотларга кўра, ҳар бир чекувчи ўз ҳаётини 18 йилга қисқартиради.

Чекиш туфайли одамнинг хотираси сусаяди, озиб кетади. Ёш ўсмирларни чекиши туфайли бола ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади, уруғ ҳужайраларда ўзгаришлар содир бўлади, жинсий ожизлик келиб чиқади.

Бундай ачинарли ҳолатлар афсуски, бизнинг мамлакатимиз аҳолисига ҳам жиддий хавф солмоқда.

Шунинг учун ҳам мазкур иллатга қарши жиддий курашиш бугунги куннинг муҳим талаби ҳисобланади. Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаевнинг сайловолди дастурида чекувчилар сонини камайтириш ва ёш авлоднинг тамаки маҳсулотларига ўрганишини олдини олиш мақсадида 2030 йилдан бошлаб, 2009 йилдан кейин туғилганларга ёшидан қатъий назар сигарет сотиш тақиқлаш таклифи илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!