2025 йилда “Тез ёрдам”га қанча ёлғон чақириқ келиб тушгани маълум бўлди
Тез тиббий ёрдам хизмати сифати, энг аввало, “103” бригадаларининг чақириқ манзилига ўз вақтида етиб бориши билан ўлчанади.
🚑 Шу боис бу жараёнда ҳар дақиқа, ҳатто, ҳар сония ҳисобли. Бироқ юртимизда “Тез ёрдам”нинг тезлигига салбий таъсир этувчи омиллар, афсуски, ҳали-ҳануз мавжуд.
📞 Хусусан, кўп ҳолларда ёлғон чақириқлар сабабли ҳақиқий ёрдамга муҳтож беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатиш имкони чекланади. Бу эса, табиийки, “Тез ёрдам” хизматига муҳтож беморларнинг кутиб қолиши, ҳатто, ҳаёти хавф остида қолишига сабаб бўлиши мумкин.
— Рақамларга тўхталсак, ўтган 2025 йил “103” хизматига мамлакатимиз бўйлаб жами 3244 та ёлғон чақириқ келиб тушди. Ушбу кўрсаткични 2024 йил билан таққосласак, 531 тага ортганини кўриш мумкин, — Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.
— Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўтган йили энг кўп ёлғон чақириқ Қашқадарё вилоятида кузатилиб, бу рақам 784 тани ташкил этди. Кейинги ўринда Сурхондарё вилояти қайд этилди — 499 та. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 394 та, Самарқанд вилоятидан эса 337 та ана шундай мурожаат келиб тушган. Энг кам ёлғон чақириқ эса Сирдарё вилоятида рўйхатга олинди — 48 та!
‼️Маълумот ўрнида: охирги 8 йил мобайнида “103” хизмати шохобчалари сони 818 тадан 1 680 тага, тез тиббий ёрдам бригадалари 1 648 тадан 2 865 тага етказилди. Шунингдек, электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилиши ҳисобига бригадаларнинг чақирувга етиб бориш вақти 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарди.
