2 йилда 76 нафар фермер ерларни ноқонуний сотганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган

2 йилда 76 нафар фермер ерларни ноқонуний сотганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган

1 февраль куни Бош прокуратурада  Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда айрим фермерлар ижарага берилган ер майдонларини ноқонуний сотаётганлиги ҳам танқид остига олинди.

Маълум бўлишича, сўнгги икки йилда 76 нафар фермер ерларни ноқонуний сотганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Зангиота тумани «Семурғ» фермер хўжалиги бошқарувчиси Т. фуқаро П.га 70 сотих суғориладиган ернинг ҳар бир сотихини 5 минг АҚШ долларидан, жами 350 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 50 минг АҚШ долларини олаётганда ушланган.

Ваҳоланки, ушбу ер майдони Зангиота тумани ҳокимининг қарори билан шу фермер хўжалигига мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш цехи ташкил қилиш учун берилган.

Қибрайдаги «Тошкент оазис» фермер хўжалиги раҳбари И. ҳам 26 сотих ер майдонини 3 нафар фуқарога жами 208 минг АҚШ долларига сотиб юборганлиги учун тергов қилинмоқда.

Йиғилишда, ерга оид қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашишга масъул Фермерлар Кенгаши, маҳалла раислари, участка профилактика инспекторлари ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилмаларни олдини олишда ташаббус кўрсатмаётганлиги таъкидланиб, улардан янада фаоллик кўрсатиш сўралди.

Охирги икки йилда 21 нафар маҳалла раиси ер билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгар бўлганлиги танқид остига олинди.

Мисол учун, Хива туманидаги «Қушчи Каттабоғ» маҳалласи раиси Э. фуқаро Р.дан 2 та турар-жой учун захирадаги ерлардан ажратишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари талаб қилган ҳамда шундан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Қарши туманида эса «Кат» маҳалласи раиси Ш. фуқаро У.га 12 сотих ерни уй-жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига 70 млн. сўм олганда қўлга олинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!