2,7 млрд сўмлик ноқонуний деб топилган тендер бекор қилинди

2,7 млрд сўмлик ноқонуний деб топилган тендер бекор қилинди

Давлат харидларида раҳбари ёки таъсисчиси бир шахс бўлган бир неча корхоналар ноқонуний иштирок этган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган мониторингда давлат харидларига оид қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Жумладан, «Намангандонмаҳсулотлари» АЖ буюртмачилигида 2023 йил 27 январ куни ўтказилган 200 млн сўмлик давлат харидида раҳбари бир шахс бўлган учта корхона иштирок этган. Бироқ, харид комиссияси томонидан ушбу иштирокчиларни четлатиш чоралари кўрилмаган.

Шу каби «Тошкент иссиқлик маркази» корхонаси буюртмачилигида 2023 йил 28 январ куни ўтказилган 2,4 млрд сўмлик давлат харидида иштирок этган 3 та субъектдан 2 таси, жумладан, Тошкент шаҳридаги «М.» ва «Э.С» корхоналарининг таъсисчиси ҳам бир шахс экани аниқланган. Бу ҳолатда ҳам харид комиссияси томонидан уларни четлатиш чоралари кўрилмаган.

Худди шундай, Чуст тумани Тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида 2023 йил 27 январ куни 57,5 млн сўмлик тиббиёт тарозисини сотиб олиш учун ўтказилган давлат харидида ҳам Наманган шаҳридаги раҳбари ва таъсисчиси айнан бир шахс бўлган «Б.М.» ва «Г» корхоналари иштирок этиб, қонунбузилишига йўл қўйилган.

Шунингдек, Жиззах вилоят тери-таносил касалликлари диспансери буюртмачилигида 2023 йил 26-27 январ куни ўтказилган жами 33,2 млн. сўмлик давлат харидларида иштирок этган Зарбдор туманидаги «Т.М.П.» ва «Т.С» корхоналарининг раҳбари ва таъсисчиси бир киши экани аниқланган. Аммо харид комиссияси томонидан ушбу ҳолатларга баҳо берилмаган.

Ушбу қонунбузилишлар юзасидан «Намангандонмаҳсулотлари» АЖ, Чуст туман Тиббиёт бирлашмаси, «Тошкент иссиқлик маркази» унитар корхонаси ва Жиззах вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш бўйича 2023 йил 30 январ куни Агентлик томонидан тақдимномалар киритилган.

Бундан ташқари, шу куннинг ўзида қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган материаллар Бош прокуратурага юборилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!