Исроил президенти коррупцияда айбланаётган бош вазир Бинямин Нетаняҳуни афв этишни рад этди
Исроил президенти келишувга эришишни таклиф қилди, деб ёзмоқда NYT.
Аввалроқ мамлакат раҳбари Ицхак Герцог Нетаняҳуни афв этиш қарорини ортга сургани ҳамда айбига иқрор бўлиш тўғрисидаги келишувда бош вазир ва бош прокурор ўртасида воситачи бўлиш ниятида эканини билдирганди.
"Олдин ҳам таъкидлаганидек, президент Ицхак Герцог бош вазир Бинямин Нетаняҳу иши бўйича томонларнинг келишувга эришишини тўғри ва муносиб қарор деб ҳисоблайди", — деди президент девони вакили.
Доналд Трамп Нетаняҳу афв этилишини талаб қилмоқда. У Герцогни бу қарорга келмаётгани учун “ожиз" деб атаган.
"Мен Биби Нетаняҳу бор эътиборини бўлмағур нарсаларга эмас, урушга қаратишини хоҳлайман", — деган эди Трамп.
Нетаняҳу коррупция иши бўйича айбловларни рад этиб, ўтган йил ноябрда Исроил президентидан ўзини афв этишини сўраганди.
Бинямин Нетаняҳуга нисбатан коррупция иши бўйича суриштирув 2016 йил декабрда бошланган, 2019 йилда эса унга бир нечта иш бўйича айблов эълон қилинган. У хусусан, миллиардер ва Голливуд продюсеридан шахсий манфаатлар учун ёрдам бериш эвазига ўн минглаб долларлик сигара ва шампан виноларини олганликда айбланган. Шунингдек, Нетаняҳу ўзи ва оиласи фаолиятини ижобий ёритиш эвазига медиамагнатларга ёрдам беришда гумонланмоқда.
