Трамп агар Эрон тинчлик келишуви бўйича ён босмаса, уни "йўқ қилиш" билан таҳдид қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Fox News телеканали муҳбири билан суҳбатда Жаред Кушнер ва Стив Уиткофф Эрон бўйича музокараларни қайта тиклаш учун Исломободга жўнаб кетаётганини маълум қилди.
"Агар эронликлар келишувни имзоламаса, биз бутун мамлакатни йўқ қиламиз. Уларнинг электр станциялари ва кўприклари АҚШ учун қонуний нишонга айланади", — дея таъкидлади Трамп.
Сўнгра у айнан шу таҳдидини Truth Social ижтимоий тармоғидаги хабарида такрорлади.
"Биз Эронга ўта адолатли ва оқилона келишув таклиф қиляпмиз ва умид қиламанки, улар буни қабул қилишади. Агар қабул қилишмаса, Қўшма Штатлар Эрондаги ҳар бир электр станцияси ва ҳар бир кўприкни вайрон қилади. Бошқа “яхши йигит” бўлиш йўқ! Улар тезда ён босишади, осонликча ён босишади, агар келишувни қабул қилишмаса, қилиниши шарт бўлган, сўнгги 47 йил давомида бошқа президентлар томонидан Эронга нисбатан қилиниши керак бўлган ишни қилиш мен учун шараф бўлади", — деб ёзди Оқ уй раҳбари.
Шунингдек, у Эронни Ҳўрмуз бўғози бўйича келишувларни бузишда айблади.
"Эрон кеча Ҳўрмуз бўғозида ўт очишга қарор қилди, бу бизнинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувимизни бутунлай бузишдир! Зарбаларнинг аксарияти Франция кемаси ва Буюк Британиянинг юк кемасига қаратилган эди. Бу унчалик яхши иш бўлмади, шундай эмасми?", — дея қайд этди Трамп.
