Оҳангарон тоғларида йўқолиб қолган 4 ёшли бола тирик топилди
Ҳодиса 13 апрел куни Оҳангарон тумани ҳудудидаги тоғларда содир бўлган. Олти нафардан иборат оила дам олиш мақсадида тоғга чиққан бўлиб, улар таркибида 4 ёшли бола ҳам бўлган.
Маълум қилинишича, сайр вақтида соат тахминан 17:00 ларда оила аъзолари тоғ чўққисидаги қорларни кўриш учун юқорига кўтарилган. Шу ерда катталар болани унутиб қолдириб, пастга тушиб кетган. Боланинг йўқлиги тахминан 40 дақиқадан сўнг аниқланган.
Шундан сўнг боланинг яқинлари зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг навбатчилик қисмига хабар берган. Қидирув ишларига Тошкент вилояти ФВББ қидирув-қутқарув гуруҳлари ҳамда «Қамчиқ» махсус қутқарув бошқармаси ходимлари жалб этилган.
Қидирув-қутқарув ишлари 6,5 соатдан ортиқ давом этган. Натижада, 14 апрел куни тунги соат 00:20 да 4 ёшли бола Олмалиқ махсус қидирув-қутқарув отряди қутқарувчилари томонидан тирик ҳолда топилган.
Қутқарувчиларнинг маълум қилишича, бола ота-онаси уни унутиб қолдирган жойдан тахминан 3 километр узоқликдан, тиззасигача қор ичида жим ҳолда турган ҳолда аниқланган.
Бола яқинларига соғ-саломат топширилган. Ҳозирда у уйида бўлиб, аҳволи яхши.
