Украина ва Россия бир-бирини “Пасха сулҳи”ни бузишда айблади
Курск вилояти губернатори Александр Хинштейн Украина Қуролли кучлари “Пасха сулҳи”ни бузганини билдирди. Унинг айтишича, Льгов шаҳрида Украина дрони ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳужум қилган ва оқибатда уч киши, жумладан бир ёшли бола жароҳатланган.
Хинштейн дрон зарбаси 11 апрел куни маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан кейин, яъни фронтда “Пасха сулҳи” кучга кирган вақтда содир бўлганини даъво қилмоқда. Бироқ у бунга ҳеч қандай далил келтирмаган.
Бундан ташқари, Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков чегараолди Шебекино шаҳрининг икки нафар тинч аҳолиси Украина томонидан ўққа тутилиши оқибатида яраланганини маълум қилди. Мулозим бу ҳақдаги постни ўз Telegram-каналида эълон қилган.
Херсон вилоятининг Россия томонидан эгаллаб олинган Новая Каховка маъмурияти ҳам шаҳар Украина томонидан ўққа тутилганини ва бир нафар тинч аҳоли вакили жароҳатланганини билдирди.
Украина нашрларининг ёзишича, Россия қўшинлари ҳам Херсон вилоятига реактив тизимлардан зарба бериб, сулҳни бузган. Шунингдек, Харков ва Запорижжя вилоятларида сулҳ бошланганидан кейин дронлар ҳужуми хавфи туфайли ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш эълон қилинган.
Шу билан бирга, Украинанинг “Exilenova+” мониторинг канали ўз манбаларига таяниб, сулҳ “фронтнинг аксарият қисмларида ҳақиқатан ҳам ишлаётганини” таъкидламоқда. "Разведка дронлари иккала томонда ҳам учмоқда. Иккала томон ҳам уларни уриб туширмоқда", деб ёзади канал муаллифлари.
Украина ва Россия ўртасидаги “Пасха сулҳи” 11 апрел соат 16:00 дан 12 апрел куни якунига қадар давом этади. Украина президенти Володимир Зеленский Россия томонига ўт очишни тўхтатиш режимини Пасхадан кейин ҳам давом эттириш имконияти ҳақида маълумот етказилганини маълум қилган.
