Хитой АҚШ билан сувости урушига тайёрланмоқда — Reuters
"Пекин Тинч, Ҳинд ва Арктика океанларида сувости мониторинги ва хариталаш бўйича кенг кўламли операцияни амалга оширмоқда. Ҳарбий экспертларнинг фикрича, ушбу маълумотлар АҚШ ва унинг иттифоқчиларига қарши сувости урушини олиб боришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга", дейилади агентлик хабарида.
Reuters агентлиги томонидан ўрганилган кема кузатуви маълумотларига кўра, Хитойнинг Dong Fang Hong 3 тадқиқот кемаси 2024–2025 йиллар давомида Тайван яқинида, АҚШнинг Гуамдаки базаси атрофида ва Ҳинд океанининг стратегик ҳудудларида фаол ҳаракат қилган.
Хитой ҳукумати бу изланишлар шунчаки иқлим ва денгиз туби лой қатламини ўрганиш учун ўтказилаётганини айтса-да, экспертлар буни “фуқаро-ҳарбий уйғунлиги” стратегиясининг бир қисми, яъни илмий маълумотлардан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш деб ҳисобламоқда.
"Океан тубининг релефи, сувнинг шўрлиги ва ҳарорати ҳақидаги маълумотлар Хитой сувости кемаларига душман радарларидан яшириниш ва душман кемаларини осонроқ тутиш имконини беради. 2014 йилда бошланган “Шаффоф океан” лойиҳаси доирасида Хитой юзлаб датчикларни сув тубига жойлаштирди. Бу тармоқ реал вақт режимида сувости ҳаракатлари ҳақида маълумот беради", дейилади мақолада.
АҚШ Ҳарбий-денгиз разведкаси раҳбари, контр-адмирал Майк Брукснинг сўзларига кўра, бу тизим сонар қурилмаларининг ишини оптималлаштиради ва стратегик муҳим сув йўлларида душман сувости кемаларини доимий кузатиб туриш имконини яратади.
