Юлдуз Усмонова «Сочная долина» эгасими? (+видео)
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.
Ижтимоий тармоқларда Юлдуз Усмонованинг «тирикчилиги юрмай қолган одам рекламага ўзини урмоқда, рекламага ўзини урди деган одам ўлди дегани, мазмунидаги овозли хабари тарқалган эди. Кейинроқ Юлдуз Усмонова томонидан «Сочная долина» — бизнинг оилавий шарбат», дея реклама қилгани тармоқларда катта муҳокама ва кулгуларга сабаб бўлганди.
Юлдуз Усмонова суҳбат давомида ушбу ҳолатга изоҳ берди.
- Мен реклама қилган бўлсам, у шарбатни қанчалик тозалигини ҳам кўрсатиб беряпман. Улар ўзини-ўзи реклама қилаётган бўлса, “Халқлар дўстлиги” саройига пулни тикиб қўйгандан сўнг иш бошланади. Ўзимнинг ашуламни ўзим ёзаман, мени реклама қилаётган жойи йўқ. “Бу шарбат яхши”, деяётган бўлсам, мен ёмон шарбатни реклама қилаётганим йўқ. Бирорта одам ўша шарбатдан заҳарланиб қолмасин дея, бориб, уларни текширавериб эзилиб кетаман.
Яна санъяткор «Сочная долина» компанияси Юлдуз Усмоновага тегишли», деган мазмундаги гапларга ҳам ойдинлик киритди.
- Мени негадир, ўша ернинг рекламасига директор қилиб ўтказиб қўйишади (кулиб). Мен ҳам юқсин-юқсин қилиб ўтиравераман. Эгасига буюрсин, ҳақиқатдан ҳам, зўр қилиб қўйишган экан. Демак, рекламага ўзини урган одам ўлмас экан. Лекин мен реклама қилиб, ҳамма жойга ўзимни урганим йўқ. Ҳозирда реклама қилмаганимга ҳам қўйишмаяпти-ку, аммо мени ўшаларга ҳам зор қолган жойим йўқ. Авваллари нима бўларди, кечирасизлар-у битта бирровнинг пулини бериб, “Мана буни реклама қилиб беринг”, дейишарди. Сен миллион-миллион топасан-у, мен уни уч тийинга реклама қиламанми? Банкни реклама қилдиради-ю, унинг берадиган пули концертга ҳам етмайди. Рекламадан келадиган пулни хўжайиним концертга тикиб юборади, дейди Юлдуз Усмонова.