Йўл қоидасига риоя қилмаган ҳайдовчи 73та қўйни ўлдирди

Қоидабузарнинг бошқарувидаги автомашина 73 бош қўй ва 1 бош эчкини босиб кетиб, нобуд қилгани учун ҳайдовчи жабрланувчиларга 91 900 000 сўм тўлаган.
Йўл қоидаси — умр фойдаси. Ҳайдовчи ва йўловчиларга бирдек тааллуқли бу ҳикматли иборани кундалик ҳаётимиз ҳар қадамда тасдиқлаб турибди. Аммо баъзи бир ҳайдовчилар йўл қоидасини бузиб, азият чекмагунича бу ҳақиқатни ҳис қилмаслиги афсусланарлидир.
Маълумки, Қамчиқ довони Фарғона водийсини мамлакатимиз пойтахти ва бошқа вилоятлар билан боғлаб турувчи ҳудуд саналади. Довонда ҳаракатланиш ҳар қандай ҳайдовчидан ўта ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни талаб этади. Лекин жиззахлик Ўролжон Қувватов Қамчиқ довонида эҳтиётсизлиги ва йўл қоидасига амал қилмагани туфайли жиддий панд еди.
Суд мажлисида аниқланишича, Ў. Қувватов 2018 йил 10 сентябрь куни эрталаб ҳамроҳи Ойбек Ирисалиев билан бирга "Исузу" русумли автомашинасига Андижон вилоятидан 16 минг 640 килограмм буғдойни юклаб йўлга чиқади.
Соат 12:30 атрофида "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 227-километрида, яъни "Қамчиқ" тоннелидан ўтиб, пастга тушаётганида чўпон Отабек Қирғизов 3 нафар шериги билан бирга ҳайдаб келаётган қўй-эчкилар подасига дуч келади.
Шунда Ў. Қувватов автомашина бошқарувини йўқотиб қўяди. Чунки у Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандидаги ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситасини белгиланган тезликдан оширмасдан бошқариши керак, деган қатъий талабга риоя қилмайди. Оқибатда унинг бошқарувидаги автомашина 73 бош қўй ва 1 бош эчкини босиб кетиб, нобуд қилади. Қолаверса, автомашинага ҳам жиддий зарар етади.
Шундан сўнг Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, ҳолат юзасидан тегишли баённома ва ҳужжатлар расмийлаштирилади.
"Бизнес мадад ҳамкор" масъулияти чекланган жамиятининг 2018 йил 15 сентябрдаги хулосасига кўра, Жиззахдаги "Ака-ука савдо" масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган автомашинага 7 434 000 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Қолаверса, мутахассис хулосаси ҳам автомашинага меъёридан 6 тонна ортиқ буғдой юкланганини тасдиқлади. Энг асосийси, нобуд қилинган 73 бош қўй эгалари жами 91 900 000 сўм миқдорида моддий зарар кўришган.
Ана шу асосларга кўра, ҳуқуқбузар Ў. Қувватовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси ва 135-моддаси 1-қисми билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Поп туман маъмурий судига тақдим этилган.
Суд мажлисида автомашина эгаси — "Ака-ука савдо" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эргаш Маҳмудов кўрсатма бериб, Ойбек Ирисалиевга автомашинани бошқариш ҳуқуқи берилганлиги, бироқ Ў.Қувватовга бундай ҳуқуқ берилмагани, автомашинага етказилган зарар бўйича даъвоси йўқлигини маълум қилди.
Бинобарин, суд Ў. Қувватовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси ва 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Унга 2 йил муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Шунингдек, Ў. Қувватовдан 73 бош қўй эгаларига 91 600 000 сўм, О. Қирғизовга эса, 1 бош эчки учун 300 000 сўм миқдорида моддий зарар ундирилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юз берган йўл-транспорт ҳодисасида чўпонларнинг ҳам айби йўқ эмас. Негаки, Йўл ҳаракати қоидаларининг 121-бандига мувофиқ автомагистралда пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, мопедлар, тракторлар ва ўзи юрар автомобиллар, техник тавсифномага ёки ҳолатига кўра, тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 173-бандига биноан эса, аравани бошқараётган, миниладиган ёки юк ортилган ҳайвонларни ва подани ҳайдаб бораётган шахсларга йўлларда ҳайвонларни назоратсиз қолдириш, подани темир йўлдан ва йўлда махсус ажратилмаган жойлардан, шунингдек, рухсат этилган жойларда эса, қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида ҳайдаб ўтиш, бошқа йўллар бўлганда ҳайвонларни мукаммал қопламали йўлларда ҳайдаб бориш мумкин эмас.
Содда қилиб айтганда, Қамчиқ довони орқали ҳайвонларни транспортда ташиш талаб этилади. Шу боис суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 313-моддаси талабидан келиб чиқиб, қонунбузилиш ҳолати ва бунга шарт-шароит яратган омилларни бартараф этиш юзасидан Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига тақдимнома ҳам киритди.
Албатта, тилга олинган воқеадан барча ҳайдовчилар ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишса, фойдадан холи бўлмасди. Айниқса, ўлкамизга эшик қоқиб кириб келаётган қиш фаслида йўлларда янада ҳушёр бўлиш ва эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиш талаб қилинади. Зеро, йўлдаги кичик бир эҳтиётсизлик ҳам катта ташвишлар туғдириши, энг ёмони, инсон умрига зомин бўлиши мумкин.
Буни асло унутмаслигимиз шарт.
Самаджон ҚОДИРОВ,
Поп тумани маъмурий судининг раиси
Manba: uznews.uz