Йеменда бир ҳафтада қарийб 16 минг киши уйини тарк этди
Йемендаги жанглар сабаб бир ҳафтада қарийб 16 минг киши уйини тарк этди.
Йеменда сўнгги бир ҳафта ичида жанговар ҳаракатлар кучайиши оқибатида қарийб 16 минг киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълум қилди.
Жанглар мамлакатнинг ғарбий соҳили ва жанубида кучайган. Июн ойида ҳукумат кучлари ва ҳусийлар ўртасидаги можаро авж олганидан бери саккизта вилоятда ички кўчирилганлар сони қарийб 150 минг нафарга етган. Фақат сўнгги бир ҳафтада уларнинг сони 12 фоизга ошган.
Энг кўп кўчиш Таиз вилоятида қайд этилган — бу ердан 81 444 киши ўз уйини тарк этган.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссариати маълумотига кўра, мажбуран кўчирилганларнинг аксарияти аёллар, болалар ва кексалардан иборат. Уларнинг кўпчилиги аввал ҳам бир неча бор уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Халқаро ташкилотлар мамлакатдаги гуманитар вазият янада оғирлашаётганидан огоҳлантирмоқда. Низо давом этса, янги кўчиш тўлқинлари юзага келиши, айрим аҳоли эса Қизил денгиз орқали Жибути, Сомали ва бошқа давлатларга йўл олиши мумкин.
Июн ойидаги кескинлашувдан олдин ҳам Йеманда 5,2 миллиондан ортиқ ички кўчирилган шахс бор эди, 22 миллиондан зиёд киши эса гуманитар ёрдамга муҳтож бўлган.
