Японияда «туризм» ёки «талаба» визаси билан ишлаш ман этилади – элчихона
Жорий йил 24 апрел куни Япония иммиграция хизматлари агентлиги Японияда ноқонуний равишда яшаб турган Ўзбекистоннинг икки фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаролардан бири Японияга «талаба» визаси билан кирган, аммо кейинчалик ўқишдан ҳайдалганига қарамай, мамлакатда ноқонуний равишда қолиб кетган ва ваколатли расмийлар томонидан ҳибсга олинган.
Иккинчи фуқаро Японияга қисқа муддатли виза билан кириб, рухсат берилган қолиш муддати тугашига қарамай мамлакатдан чиқиб кетмаган.
Дипломатик ваколатхонанинг эслатишича,«туризм», «яқинларни кўриш», «бизнес (конференция, маданий алмашинув каби)» мақсадидаги қисқа муддатли виза билан Японияда ишлаш қатъиян ман этилади. Ўзбекистонда қарз (кредит) олиб бўлса ҳам Японияга ўқишга борган, аммо япон тилини ўргана олмай ўқишдан четлатилган фуқаронинг Японияда яшаш мақоми бекор қилинади.
«Японияга «туризм» ёки «талаба» мақомидаги виза билан кириб,«узоқ муддат қолиш мумкин» ёки «ишлаш мумкин» деган чақирувлар бутунлай ёлғон. Шу каби ёлғон мақсадлар билан Японияга киришга йўл қўйилмайди.«Талаба» визаси ишлаш учун эмас, балки фақатгина мамлакатда ўқиш учунгина берилади», – дейилади элчихона хабарида.
Таъкидланишича, Японияда ноқонуний равишда яшаётган шахслар аниқланса, улар полиция томонидан ҳибсга олинади ва бундай шахсларга нисбатан иммиграция муассасасида ушлаб туриш ёки депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади.
«Бундан ташқари, Япония ҳукумати шу каби шахслар ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига маълумотларни бериб бораётганлиги сабабли, Ўзбекистонга қайтгандан кейин ҳам уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши мумкин. Шу сабабли,«Японияда ишлаш мумкин» деб даъво қилувчи воситачиларнинг ваъдаларига осонлик билан ишониб қолманг, огоҳ бўлинг!» – деб огоҳлантиради Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси.
