Хотин-қизлар қандай патронаж ва скрининг текширувларидан ўтиши керак?

Хотин-қизлар қандай патронаж ва скрининг текширувларидан ўтиши керак?

Хасталикни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал. Бу тамойил бугун юртимиз тиббиётидаги устувор вазифага айланган.

Шу сабабли мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш учун мақсадли тиббий кўриклар ташкил этилмоқда. Хусусан, хотин-қизлар соғлигини асраш, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш мақсадида улар мунтазам равишда патронаж ва скрининг текширувларидан ўтказилади.

Хусусан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолияти доирасида 35–55 ёшли аёллар скрининг дастурлари билан қамраб олинади. Бунда оила шифокори томонидан 3 йилда 1 марта уларда бачадон бўйни саратони скрининги ўтказилиши кўзда тутилган, — дейди Юнусобод туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Шоира Абдусаттарова.

Шунингдек, ушбу тоифадаги аёлларда тор соҳа мутахассиси (гинеколог) кўриги, лаборатор ва кольпоскопия каби инструментал текширувлар олиб борилади.

45 – 65 ёшли аёлларда оила шифокори томонидан 2 йилда 1 марта кўкрак бези саратони скрининги ўтказилади. Бунда уларда тор соҳа мутахассиси (онколог) кўриги, маммографик инструментал текширувлар амалга оширилади.

15 – 49 ёшли хотин-қизларда эса оила шифокори томонидан мунтазам профилактик кўриклар, ҳомиладорликка монеликни аниқлаш бўйича текширувлар йилда бир марта ўтказилади.

Уларда гинеколог ва бошқа тор соҳа мутахассислари томонидан кўрсатмага асосан кўриклар ташкил этилади. Қоннинг умумий таҳлили лаборатор шароитда текширилиши ҳам скрининг дастурлари доирасига киритилган.

Патронаж хизмати доирасида тиббий бригада дояси томонидан ҳомиладор аёлларда 2 марта – ҳомиланинг 12 ва 32 ҳафталикларида текширув амалга оширилади.

Туғуруқдан кейинги чилла давридаги аёллар эса тиббий бригада дояси томонидан туғуруқхонадан уйга келганда 3 кун ичида, унинг 15- ва 30-кунида — жами 3 марта тиббик кўрикдан ўтказилади. (https://telegra.ph/file/6cdf8a96f147188b3a599.png)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!