Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили ЖСТ бош директори билан музокара ўтказди

Ўзбекистоннинг Женевадаги доимий вакили ЖСТ бош директори билан музокара ўтказди

Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Элдиёр Тошматов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг ҳолати ва истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Ўзбекистон томони Жаҳон савдо ташкилоти бош директорини ЖСТнинг 13-Вазирлар конференцияси (2024 йил 26 феврал – 2 март, Абу-Даби шаҳри) муваффақиятли ўтказилгани ва унинг доирасида кўп томонлама савдо тизимини мустаҳкамлаш бўйича эришилган муҳим келишувлар билан табриклади.

ЖСТ раҳбари Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш борасидаги чора-тадбирларини юқори баҳолади. Таъкидланганидек, сўнгги пайтларда Ўзбекистон аъзо бўлиш жараёнидаги саъй-ҳаракатларини сезиларли даражада фаоллаштирди ва ЖСТга аъзо бўлиш устувор деб топилган давлатлар қаторидан жой олди.

Нгози Оконжо-Ивеала Ўзбекистон ЖСТнинг навбатдаги тўлақонли аъзоси бўлишига ишонч билдирди. Шу нуқтаи назардан, у ташкилот котибияти Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.

Учрашув якунида ЖСТ бош директорининг жорий йил июнь ойида Ўзбекистонга ташрифига тайёргарликни бошлаш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 8-йиғилишини тезлаштириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қонунчиликни ЖСТ келишувлари ва қоидаларига мувофиқлаштиришга кўмаклашиш бўйича келишувга эришилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!