Ўзбекистонда такси ҳайдовчиларининг 9 та ғалати одати

Ўзбекистонда такси ҳайдовчиларининг 9 та ғалати одати

Аксарият учун такси – А нуқтасидан Б нуқтасигача етиб олишнинг оддий зарурати бўлса, озчилик учун, бу – пул топиш усули. Бироқ барча ҳам яхши, маданиятли такси ҳайдовчиси бўлишга оид оддий маслаҳатларга риоя қилмайди. Lifehaq.uz муҳим қоидаларни доим ёдда тутишни маслаҳат қилган ҳолда, машина ҳайдаш маданияти ва одоб-аҳлоқи мавжудлигини эсга соладиган айрим фикрларни тайёрлади. Мазкур рўйхат атайин хусусий ёки компанияларга ишлашидан қатъий назар, бир оз бўлсада яхши такси ҳайдовчиси бўлишни ўрганишни истаётганлар учун мўлжалланган.

Хўш, такси ҳайдовчиларимиз қандай хатоларга йўқ қўйишади?

Истаган жойларида тўхтайдилар

Такси ҳайдовчиларимизни кўрганда энг биринчи эътиборни тортадиган нарса – уларнинг мижоз машина тўхтатаётган ёхуд у шунчаки турган (чекаётган, кимнидир кутаётган, шунчаки сайр қилиб юрган) жойда тўхташларидир. Ҳурматли такси ҳайдовчилари, фақат рухсат этилган жойда тўхташ керак; агар бунинг иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаганда бошқа автоҳайдовчиларга юришга ёки пиёдаларга ўтишга ҳалақит қилманг!

Одобсиз сўзларни айтадилар

Қўпол сўзлашга ўтиб, сафар чоғида ҳаммани баравар сўкиш жуда зўр деган фикрда сўкинишни ёқтирадиган (эркакми ё аёл – фарқи йўқ) хусусий автомобиль эгасини кўп бўлмасада, аммо учратиш мумкин. Бундан ташқари, кўпчилик йўловчилар бундан нарсаларни эшитишни яхши кўради деган фикрда. Ишонинг, сўкиниш обрў эмас, аксинча сизнинг ақлий қобилиятингизни “нолга” тенглаштиради. Шу боис, қадрли такси ҳайдовчилари, оғизни очиб хунук гапларни айтгандан кўра, жим кетганингиз маъқул.

Истаган жойда ва вақтда қўшимча йўловчи оладилар

Хусусан, барча учун ёзилган қоидалар такси ҳайдовчиларига таъсир қилмаслигини алоҳида қайд этиш даркор. Уларга истаган жойда тўхташ, шунингдек қўшимча йўловчиларни олиш мумкин эмаслигини кўп марта эслатиб туриш керак. Уларнинг кескин тормоз беришлари йўлларда авария ҳолати ва тирбандликни юзага келтиришини англаш зарур.

“Маҳалла ичкарисига кирамизми?”, деб сўрашади

Баъзида оралиғи 10 км бўлган А нуқтадан Б нуқтагача масофага, дейлик 10 минг сўмга келишганда кулгили ҳолатга тўқнаш келамиз. Аксарият такси ҳайдовчилари албатта “Маҳалла ичкарисига кирамизми?”, деган саволни беришади. Сиз “ха, озгина 200-300 метрга” дейсиз. Бунга жавобан “киракаш” қуйидаги гапни айтади: “унда бир оз қўшинг, чунки ичкарига кирарканмиз, сиз бўлса буни олдиндан айтмагандиз”. Такси ҳайдовчилари йўналишнинг бундай тафсилотларини мижоз автомобиль салонига ўтирганидан кейин эмас, балки аввалдан сўрасалар яхши бўларди.

Секин ҳайдаб, қўшимча йўловчиларни қидириш

Айрим такси ҳайдовчилари мижоз ўтирган бўлишига қарамай, қўшимча мижозларни “йиғиш” мақсадида чекка ўнг қатордан жуда секин ҳаракатланганини ҳеч сезганмисиз? Фикримизча, бу ўта нотўғри ва ўз манзилига кетаётган мижоз-йўловчига нисбатан адолатсизликдир. Ахир йўловчи шошаётган бўлиши ёки бегоналар билан кетишни ёқтирмаслиги мумкин. Шунинг учун, меҳрибон таксичиларимиз – меъёрдаги тезликда ҳаракатланинг! Олдиндан бошқа мижоз билан келишган бўлсангиз, йўл-йўлакай бошқаларини изламанг; ёки муқобил вариант сифатида – ўтирган мижоздан рухсат сўранг. Ахир сиз «маршрутка» эмассизку!

“Рози бўласизми?”

Шундай ҳолатлар бўлганки, масалан 7500 сўмга келишасан ва манзилга етиб келгач ҳамёндан 10 000 сўм (битта банкнота) олиб, ҳайдовчига узатасан. Шу пайт ҳайдовчи кечирим сўраб, қайтими йўқлиги айтади. “Балки 10 000 сўмга рози бўларсиз?”, дейди. Ушбу мантиққа кўра, мен айтаман: “Балки сиз 5000 сўмга рози бўларсиз?”. Ҳайдовчи кулиб, қайтим бериш учун яна бир оз юриб 10 000 сўмликни майдалашни сўрайди. Такси ҳайдовчиларимиз, сиздан илтимос – ёнингизда доим қайтим олиб юринг ва ўзингиз ҳамда йўловчиларни ноқулай вазиятга солманг.

“Шумахер”лик қилиш

Албатта, “Шумахер” бўлиш зўр, аммо тезкор ҳаракатланиш ҳамма мижозга ҳам ёқавермайди. Чамамда, барча уйига, оиласига бус-бутун ва соғлом ҳолда қайтишни истаган бўларди.  Шу боис – ҳурматли такси ҳайдовчилари, имкон қадар меъёрдаги тезликда ҳаракатланинг; мижозларга “шумахерлик” истеъдодингизни кўрсатишнинг кераги йўқ – улар бунинг учун ҳақ тўлашмайди!

Пиёдани ёки кўчадан ўтаётган исталган одамни сўкиш

Баъзан такси ҳайдовчилари светофорнинг яшил чироғида пиёдалар йўлагидан қонуний равишда ўтиб кетаётган пиёдага қарата “Тезроқ бўл, ифлос”, “Эзворишадиде, секин юрвуриб” қабилидаги ҳақоратли сўзлар билан асабий ҳолда сўкинишганини эшитиб қоласан. Таксичилар, кечирасизу, улар буткул қоидага биноан ўтмоқда! Иссиққина автомобилингизда ўтириб, бир неча сония кутишга ва педални босишга қийналасиз. Ўйлаб кўринг, ахир шаҳарнинг бошқа қисмидаги пиёдалар йўлагидан рафиқангиз, қизингиз, бувингиз ўтаётган бўлиши мумкин. Энди уларни ҳам кимдир шундай ҳақорат қилиб, сўкаётганини тасаввур қилинг. Бу одобсизликдир, ҳурматли такси ҳайдовчилари, аммо буни тузатса бўлади!

Гигиенага риоя қилиш

Бу ҳолатга узоқ тўхталмасдан, шунчаки асосийсини муҳокама қиламиз. Баъзан салондан, айниқса йилнинг иссиқ пайтида ёқимсиз тер ҳиди анқийди. Сабаби, ҳайдовчи шунчаки ювинишни унутганлигида. Ҳайдовчилар, диққат! Гигиенанинг оддий қоидаларига риоя қилиш зарур, шунда барча мижозлар фақат сизники бўлади!


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!