Ўзбекистонда ер бозори ривожланяпти

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти - ФАО Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда навбатдаги қўшма тадбир - семинар ташкил қилди.
Йиғилишда юртимизда ер ресурсларини бошқариш, ер бозорини ривожлантириш, ер ислоҳотини баҳолаш ҳисоботи асосида тайёрланган хулоса ва тавсиялар тақдим этилди. Семинар ФАО-Туркия озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлиги дастури (FTPP II) томонидан молиялаштирилаётган “Ерни ташландиққа чиқариш муаммосини ҳал қилиш ва бирлаштириш механизмини такомиллаштириш учун қишлоқ хўжалиги ерлари бозорини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Миллий ва халқаро экспертлар иштирок этган анжуман ерга бўлган ҳуқуқни таъминлаш, фермерларга ер ажратиш, ер бозорини ривожлантириш бўйича ҳисоботда келтирилган масалаларни муҳокама қилишга имкон берди.
Қайд этиш керак, ФАОнинг минтақавий лойиҳаси Туркияда ерли бирлаштириш бўйича амалдаги дастур ва Озарбайжонда амалга оширилиши режалаштирилган дастур билан боғлиқ ҳолда ер банкини жорий қилишни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, Ўзбекистонда ер бозорини ривожлантиришга эҳтиёжни ва ер ресурсларини бошқариш воситасининг қанчалик жорий қилиш мумкинлигини баҳолашга қаратилган.
Лойиҳа, шунингдек, ер эгалиги кафолати, фермерларга ер ажратиш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан янада барқарор фойдаланишни таъминлаш учун ер бозорини ривожлантириш бўйича бошқа чора-тадбирлар ва воситалар соҳасида институционал салоҳиятни ривожлантиришни ҳам қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳанинг учта мақсадли давлати – Туркия, Озарбайжон ва Ўзбекистонда ерга эгалик қилиш тизими ва ер сиёсати турлича, бироқ умумий мақсад – қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали ва барқарор фойдаланишни таъминлаш.
Лойиҳа натижалари тақдимоти давомида ФАОнинг ерга эгалик бўйича мутахассиси Мортен Хартвигсен фермер хўжалигига сармоя жалб этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларидан барқарор фойдаланишнинг муҳим шарти сифатида фермерларнинг хавфсиз ер эгалигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, деҳқон хўжаликлари, ёшлар ва аёллар учун қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Лойиҳа, шунингдек, Туркия ва икки мамлакат: Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасида билим алмашиш ва салоҳиятни ривожлантириш орқали минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизмини яратди. Масалан, 2023 йил сентябрда Истанбулда ташкил этилган “LANDNET” минтақавий семинарида ҳам 30 мамлакатдан юз нафар иштирокчи ўртасида минтақавий ер сиёсатининг илғор тажрибаси намойиш этилганди.