Ўзбекистонда аксар ўлим ҳолатлари қандай касалликлар ҳиссасига тўғри келиши айтилди

Ўзбекистонда аксар ўлим ҳолатлари қандай касалликлар ҳиссасига тўғри келиши айтилди

Ўзбекистонда 78 фоиз ўлим ҳолатлари ноинфекцион касалликлар ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда тиббиёт фанлари доктори, профессор, Тиббий ходимларни касбий малакасини ривожлантириш марказининг Валеология кафедраси мудири Шуҳрат Иргашев маълум қилди.

«Соғлом турмуш тарзига амал қилган инсонлар, аввало, касал бўлмайди, бирон жойи оғриб қолганда ҳам тез ва осон саломатлигини яна қайта тиклаб олади. COVID-19 инфекцияси кенг тарқалган бугунги таҳликали замонда ҳам бу ўз исботини топмоқда.

Ортиқча вазн ёки бирор ёндош касалликлари бор, соғлиғига етарлича эътибор бермайдиган кишиларга вирус юққанда оғир оқибатларга олиб келгани кузатилмоқда. Аксинча, иммунитети кучли, соғлом турмуш тарзига амал қилувчи кишилар ёшидан қатъи назар, вирусни тез ва осон енгиб ўтмоқда.

Шунингдек, биринчи навбатда соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик ноинфекцион касалликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Булар юрак қон-томир, қандли диабет, онкологик, нафас йўллари хасталиги каби касалликлар бўлиб, Ўзбекистонда 78 фоиз ўлим ҳолатлари айни шу хасталиклар билан боғлиқ», – дейди Шуҳрат Иргашев

Юқумли бўлмаган хасталикларга чалинмаслик учун нима қилиш керак, деган саволга профессор, биринчи навбатда тўғри ҳаёт тарзини йўлга қўйиш талаб этилишини таъкидлаган. У қуйидагиларни соғлом турмуш тарзига амал қилишнинг 4 асосий йўли мавжудлигини айтиб ўтган. Булар:

  • тўғри овқатланиш;
  • жисмоний фаоллик;
  • руҳий саломатлик;
  • зарарли одатлардан воз кечиш.

«Бугунги кунда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзининг мана шу тўрт қоидасига амал қилишни аҳолининг одатига, кундалик турмуш тарзига айлантириш ишлари жадал равишда олиб борилмоқда. Аммо бунга фақатгина тарғибот-ташвиқот ишлари ёки бир иккита тадбир ўтказиш билангина эришиб бўлмаслиги аниқ. Бу борада аниқ бир механизм, узоқ муддатли тизимни йўлга қўйишимиз зарур», – дейди профессор.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!