Ўзбекистон аҳолиси бир йил ичида қанчага кўпайди?
Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 2020 йил 1 январь ҳолатига 33905,8 минг кишини ташкил этиб, 2019 йил бошидан 650,3 минг кишига ёки 2,0 фоизга ўсди.
Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2020 йил 1 январь ҳолатига ҳудудларнинг республика жами аҳолиси сонидаги улуши бўйича энг кўп кўрсаткич Самарқанд вилоятида 11,4 фоизни ташкил этиб, кейинги ўринларда Фарғона вилоятида 11,1 фоизни, Қашқадарё вилоятида 9,7 фоизни ва Андижон вилоятида 9,2 фоизни ташкил этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон доимий аҳолиси сонининг 30,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 58,9 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 10,6 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келмоқда.
2019 йилнинг январь-декабрь ойларида 815,9 минг бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб (фақат тирик туғилганлар инобатга олинган), 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 24,3 промиллени ташкил этди ҳамда 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 1,0 промиллега ошганлиги кузатилди (2018 йилнинг январь-декабрь ойларида 23,3 промилле бўлган).
Шунингдек, 2019 йилнинг январь-декабрь ойларида 155,0 мингта ўлим қайд этилган бўлиб, 1000 аҳолига нисбатан ўлим коэффициенти 4,6 промиллени ташкил этди ва 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 0,1 промиллега тушганлиги (2018 йилнинг январь-декабрь ойларида 4,7 промилле бўлган) кузатилди.