“Ўқувчиларнинг 39 нафари порнографик материаллар сақлагани аниқланган” — Самарқандда вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этиш кўпайгани айтилди

“Ўқувчиларнинг 39 нафари порнографик материаллар сақлагани аниқланган” — Самарқандда вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этиш кўпайгани айтилди

Олий Мажлис Сенатида 16 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуннинг Самарқанд вилоятидаги ижроси муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, вилоятда жорий йилда 1 минг 345 та “рейд” тадбири ўтказилиб, вояга етмаган болаларни назоратсиз қолдирган 57 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилган.

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида амалга оширилган ишлар билан бирга вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида айрим муаммолар мавжудлиги аниқланган.

“Жумладан, вилоятда вояга етмаганлар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳолати йилдан йилга ортиб, 2021 йилда 1 минг 331 тани, 2022 йилда

3 минг 941 тани ҳамда 2023 йилнинг 8 ойи давомида эса 3 минг 128 тани ташкил этган.

Вояга етмаганлар орасида содир этилган жиноятлар сони ҳам ортган. Хусусан, 2022 йилнинг 8 ойи давомида жиноятлар сони 92 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 129 тани ташкил этиб, 40 фоизга ортганлигини кўрсатмоқда.

Профилактик тадбирлар давомида 39 нафар мактаб ўқувчиси порнографик, 58 нафари эса зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб этувчи материаллар сақлагани аниқланган. 2 минг 221 нафардан ортиқ тарбияси оғир бўлган болалар билан профилактик суҳбатлар олиб борилиб, 1 минг 853 нафар ўқувчининг ота-онасига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилган”, — дейилади сенат ахборотида.

Қўшимча қилинишича, криминоген вазият оғир деб белгиланган 76 та таълим муассасасига ИИБ раҳбарларининг бириктирилганлигидан мактабларнинг хабардор эмаслиги ушбу тизим амалда ишламаётганлигидан далолат беради.

Ўрганиш давомида аксарият таълим муассасаларида ўқув машғулотларига сабабсиз ҳамда мунтазам равишда қатнашмаётган вояга етмаганлар мониторингини олиб бориш йўлга қўйилмагани ҳам аниқланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!