Украина ва АҚШ фойдали қазилмалар бўйича музокараларда сезиларли ютуқларга эришди

Украина бош вазири ўринбосари ва иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко Facebook'да ушбу ҳужжат бўйича "АҚШ билан янги ижобий қадамга эришилгани" ҳақида ёзди.
"Бизнинг техник жамоаларимиз келишув устида биргаликда жуда пухта ишладилар, сезиларли ютуқлар ҳам бор, ҳуқуқшунослар ушбу лойиҳага тўғри урғу беришди, иккала жамоадаги музокарачиларга раҳмат", – дея таъкидлади Свириденко.
Яқин вақт ичида келишувни расмийлаштиришни якунлаш бўйича ишлар олиб борилади.
АҚШ кўрсатилган ёрдамга жавобан Киевдан Украина фойдали қазилмаларидан устувор асосда фойдаланиш ҳуқуқини олмоқчи. Бу борадаги келишув феврал ойи охирида тузилиши режалаштирилган эди, бироқ келишув барбод бўлганди.
Март ойи охирида АҚШ ер ости бойликлари бўйича келишувнинг янги вариантини тайёрлагани маълум бўлди, унда Украинанинг барча табиий ресурсларидан фойдаланиш ҳақида сўз борган. Украина расмийлари бу вариантлардан бири эканини, шартнома муҳокамаси эса давом этаётганини маълум қилди.