Украина фақат Курск вилояти билан чекланмайди
Украина фақат Курск вилояти билан чекланиб қолмасдан, Россия ҳудудига чуқур ҳужумларни кенгайтириши мумкин, деб ёзади Washington Post (WP), манбаларга таяниб.
Номи ошкор этилмаган АҚШ расмийси нашр билан суҳбатда Украинанинг дастлаб Курск вилоятига қаратилган саъй-ҳаракатлари унинг чегараларидан ташқарига чиқиши мумкинлигини таъкидлади. Украина қўшни минтақаларга зарба бериш учун узоқ масофали қуроллардан фойдаланиши мумкин, дея таъкидлади манба.
Киев бу баёнотларга расман изоҳ бермади.
Бир кун аввал NYT АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун АТАCМS узоқ масофали ракеталардан фойдаланишга рухсат бергани ҳақида хабар берган эди.
Хабар қилинишича, бу чора Шимолий Корея қўшинлари Курск вилоятида Россияга ёрдам бераётгани ҳақидаги иддаоларга жавобан қилинган.
Байденнинг сайланган президент Доналд Трамп лавозимига қайтишидан икки ой олдин қабул қилинган қарори Оқ уйнинг йўналиши ўзгарганидан дарак беради. Бутун йил давомида Байден маъмурияти қаршилик кўрсатди ва Украинанинг Россия ҳудудига зарба беришини олдини олди. Вашингтон шу тариқа можаро авж олишидан қочишга ҳаракат қилди.
300 км гача учиш масофасига эга АТАCМS ракеталари Украинага Россия ҳарбий амалиётларини заифлаштириши мумкин бўлган стратегик нишонларни уриш имконини беради. Бунга ҳарбий полигонлар, ёқилғи баклари ва нефтни қайта ишлаш заводлари киради.
Киев доимий равишда АҚШдан узоқ масофага учувчи ракеталарни жойлаштиришга рухсат сўраб, улар Россияга қарши туриш ва Шимолий Кореядан қўшинларнинг кейинги ўтказилишини чеклаш учун муҳим эканлигини таъкидлаб келади.