Тўтиқуш ёдлаган дуони ёдлай олмайсизми?

Тўтиқуш ёдлаган дуони ёдлай олмайсизми?

Ёш талабалик давримда ўқиган эдим.  

Абу Ҳафс Кабир раҳимаҳуллоҳ буюк мужтаҳид имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди бўлиб, Мовароуннаҳрга, яъни бизнинг диёрларга ҳанафий мазҳабини келтирган аллома зотдир. 

Абу Ҳафс Кабир раҳимаҳуллоҳ жуда кўп масалалар ечимига фатво берган олим бўлиб, шу зот сафар олдидан бир кимсанинг  "Қунут дуосини билмаган кимса нима ўқийди?"  деган саволига "Аллоҳуммағфирлий дуосини охиригача ўқийди", дея жавоб берди. Сафар асносида эса араб юртларидан бирида тўтиқушнинг  "Қунут дуоси" ни бурро қилиб ўқиётганини эшитиб қолди. 

Сафардан қайтгач  "Қунут дуосини билмаган кимса Аллоҳуммағфирлий дуосини охиригача ўқисин, деган эдим, энди у гапимдан қайтдим.  Ақлсиз бир қуш ёдлай олган дуони ақлли инсон албатта ёдлай олади. Ким қунут дуосини билмаса қатъий киришиб ёд олсин",  деган экан. 

Юзлаб ҳуда-беҳуда нарсаларни ёддан биламиз. Бутун-бутун футбол жамоаларидаги ўйинчиларнинг исми-ю таржимаи ҳолини,  боксчиларнинг қачон ва ким билан уришгани ҳамда "юлдузлар" ҳақидаги шахсий маълумотларигача ёдлаб олганмиз.  Бир-биримизни бу ҳақида тортишиб енгамиз ҳам. 

Аммо Аллоҳ таоло Роббимизга бўладиган энг улуғ ибодат бўлмиш намоз асносидаги энг буюк илтижо бўлмиш қунут дуосини ёдлашга эринамиз. Баҳоналар топамиз. 
Ростдан ҳам ёд олиш қийин бўлганларимиз узрлилар ва улар то ёд олишгунича фақиҳларимиз тавсия этган дуоларни ўқиб туришади. Аммо қолганларимиз қунут дуосини ёд олишимиз лозим.
Қунут дуоси

«Аллоҳумма иннаа настаъийнука ва настағфирука. Ва нуъмину бика ва натаваккалу алайка. Ва нусний алайкал хойро куллаҳу. Нашкурука ва лаа накфурук. Ва нахлаъу ва натруку ман йафжурук. Аллоҳумма иййаака наъбуду ва лака нусоллий ва насжуду ва илайка насъаа ва наҳфиду. Наржуу роҳматака ва нахшаа азаабака. Инна азаабака бил куффаари мулҳиқ».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, албатта, биз Сендан ёрдам сўраймиз, Сенга истиғфор айтамиз ва Сенга иймон келтирамиз, Сенга таваккул қиламиз ва Сенга шукр келтирамиз, куфр келтирмаймиз. Ким Сенга фожирлик қилса, уни ажратамиз ва тарк қиламиз. Аллоҳим, Сенгагина ибодат қиламиз, Сенгагина намоз ўқиймиз ва сажда қиламиз, Сенгагина интиламиз ва шошиламиз. Сенинг раҳматингни умид қиламиз ва азобингдан қўрқамиз. Албатта, Сенинг ҳақ азобинг кофирларга етгувчидир». 

Суннатуллоҳ Абдулбосит


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!