Трамп жиноятчи мигрантларни Гуантанамо қамоқхонасига жўнатмоқчи эканини эълон қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп ноқонуний мигрантлар орасида жиноят содир этган, аммо депортация қилиб бўлмайдиган шахслар учун Гуантанамо ҳарбий базасида махсус лагерь ташкил қилиш ниятида эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ерда 30 000 гача шахс сақланиши мумкин, уларни Трамп «энг ёмони – энг ёмонлар орасида» деб атади.
Оқ уйда сўзга чиққан Трамп аллақачон тегишли фармон тайёрланаётганини билдирди. Ушбу ҳужжат Мудофаа вазирлиги ва Ички хавфсизлик вазирлигини бу марказни ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлашга мажбур қилади.
«Уларнинг айримлари шу даражада хавфли эканки, биз ҳатто бошқа давлатларга ҳам ишонмаймиз – уларни ўз ҳудудида ушлаб туришларига», — дея тушунтирди Трамп.
Гуантанамо ҳарбий базаси Кубада жойлашган бўлиб, у 11 сентябрь терактларидан кейин террорчиликда гумон қилинган шахсларни сақлаш учун ташкил этилган машҳур қамоқхона билан танилган. Ҳар хил йилларда у ерда 800 нафаргача маҳбус сақланган, аммо уларга АҚШ судларида расмий суд жараёни ўтказилмаган. Бараcк Обама ҳам, Жо Байден ҳам Гуантанамо қамоқхонасини ёпишни ваъда қилган эди, аммо у ҳанузгача фаолиятини давом эттирмоқда.
Трампнинг бу таклифи инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан кескин танқидга учради. Улар Гуантанамо қамоқхонасини ҳуқуқий меъёрлар бузиладиган жой ва инсон ҳуқуқлари поймол этиладиган рамз деб аташмоқда. Бироқ янги президент маъмурияти бу қарорни ягона реал ечим деб ҳисобламоқда, чунки жиноятчи мигрантларни уларнинг ватани бўлмиш давлатларга қайтариш тобора мураккаблашиб бормоқда.