Толибон Афғонистонда болаларни ҳарбий ҳаракатларга жалб қилмоқда
АҚШ Давлат департаментининг 2026 йилги ҳисоботида Толибон ва Афғонистондаги бошқа қуролли гуруҳлар болаларни ноқонуний равишда ҳарбий ҳаракатларга жалб қилаётгани маълум қилинди. Ҳисоботга кўра, вояга етмаганлар портловчи қурилмаларни ўрнатиш, қурол ташиш, разведка олиб бориш ва ҳарбий базаларни қўриқлаш каби вазифаларда ишлатилмоқда.
Ҳужжатда Толибон болаларни алдаш ва мажбурлаш орқали, жумладан, Афғонистон ҳамда Покистондаги таълим муассасаларидан жалб қилиши қайд этилган. Айрим болалар ҳарбий тайёргарлик берилиши айтилган диний мактабларга юборилаётгани билдирилган.
Ҳисоботда «Ислом давлати» террорчилик ташкилотининг Хуросон бўлинмаси (ИШИД-Хуросон) ва Миллий қаршилик фронти ҳам бола аскарлардан фойдаланаётган гуруҳлар сифатида келтирилган.
АҚШ Давлат департаменти, шунингдек, Афғонистонда болалар мажбурий меҳнат ва жинсий эксплуатация қурбонига айланаётганини таъкидлаган. Хусусан, «бача бозӣ» деб аталувчи амалиёт доирасида 10–18 ёшли ўғил болалар эксплуатация қилиниши қайд этилган.
Ҳисоботга кўра, халқаро ташкилотлардан бири Толибон билан музокаралар натижасида унинг сафларидан 58 нафар болани озод этишга эришган. Бироқ АҚШ томони ҳаракат болаларни ҳарбий хизматга ноқонуний жалб қилишнинг олдини олиш учун етарли чоралар кўрмаганини билдирган.
Афғонистон одам савдосига қарши кураш бўйича АҚШнинг йиллик ҳисоботида энг паст — учинчи тоифада қолдирилган. Ҳужжатда мамлакатда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, уларни ҳимоя қилиш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш борасида жиддий камчиликлар мавжудлиги қайд этилган.
Шунингдек, аёллар ва қизларнинг таълим олиши, ишлаши ҳамда эркин ҳаракатланишига қўйилган чекловлар уларнинг эксплуатацияга учраш хавфини ошираётгани таъкидланган.
АҚШ Давлат департаменти ҳисоботда Толибон ҳақида келтирилган маълумотлар АҚШ уни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олганини англатмаслигини алоҳида қайд этган.
