ТДТУ талабалари ётоқхона учун тўлаган маблағларини қайтариб олдими?
Тошкент давлат техника университети талабалари ётоқхонадан чиқарилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалган эди. Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳолатга ойдинлик киритиб, талабалар ҳали расман фойдаланишга топширилмаган ётоқхонага жойлаштирилганини маълум қилди.
Тарқалган хабарларда қарийб 300 нафар талаба, жумладан қизлар ҳам, 6 октябрь куни кечқурун бинодан чиқарилгани айтилган.
Вазирлик маълумотига кўра, гап Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасида ТДТУ томонидан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойи ҳақида бормоқда. Объект ҳали расман фойдаланишга топширилмаган, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва ундан фойдаланиш учун зарур рухсатлар олинмаган.
Амалдаги тартибга кўра, талабалар ётоқхонага жойлашиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона портал орқали ариза бериб, тегишли йўлланма олиши лозим.
Бироқ тадбиркор айрим талабаларни белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз объектга жойлаштирган. Бундан ташқари, ётоқхонада бошқа олий таълим муассасалари талабалари ҳам истиқомат қилган.
Ҳолат аниқланганидан кейин хавфсизликни таъминлаш мақсадида барча талабалар объектдан чиқарилган. ТДТУ талабалари университетнинг мавжуд бўш ётоқхоналарига вақтинча жойлаштирилган. Бошқа ОТМ талабалари эса масъуллар орқали ўз таълим муассасаларига қайтарилган. Хорижий талабалар ҳам зарур рухсат ҳужжатлари бўлмагани сабабли бинодан чиқарилган.
Вазирлик маълум қилишича, ётоқхонада иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳам ҳали тўлиқ ишга туширилмаган. Объектнинг расмий очилиш маросими ўтказилмаган, қурилиш ишлари эса белгиланган муддатда тўлиқ якунланмаган.
Шу билан бирга, объектга жойлаштирилган талабалардан аввал ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан тўлиқ қайтарилган.
Вазирлик ва университет талабаларнинг ушбу объектга белгиланган тартибга риоя этилмаган ҳолда жойлаштирилганидан олдиндан хабардор бўлмаганини маълум қилди.
Ҳозирда ётоқхонанинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда ундан фойдаланиш учун зарур рухсатларни олиш ишлари давом этмоқда. Барча ҳужжатлар тайёр бўлгач, объект белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади.
