“Танзиландия” номли хусусий боғчада болалар мунтазам калтакланганми?

Тармоқларда пойтахтдаги хусусий мактабгача таълим муассасаларидан бирида тарбиячилар болаларга нисбатан қўпол муносабатда бўлгани акс этган видеолар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Repost.uz нашрининг ёзишича, бундай вазият Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” хусусий болалар боғчасида мунтазам равишда содир бўлади, болалар калтакланади.
Маълумотларга кўра, ота-оналардан бири фарзандининг хулқ-атворидаги ўзгаришларни сезган. Нима бўлаётганини тушуниш мақсадида фарзандининг ўйинчоғига овозни ёзиб олувчи мосламасини ўрнатиб, болани боғчага юборган. Саккиз соатлик аудио ёзувда боғча тарбиячилари нохуш сўзлар билан гаплашиб, болаларни бир неча бор калтаклагани эшитилгани айтилмоқда.
Қайд этилишича, шундан сўнг ота-оналар боғча директоридан ололмаган камера ёзувларини ИИБга боргач кўришган. Унда тарбиячилар болаларни спорт зали, кийиниш хоналари ва фаоллар залида калтаклагани, аммо ота-оналар учун видео кузатув мавжуд бўлган хоналарда тинч ва хушмуомалалик билан муомалада бўлгани кўрсатилган.
Ҳолат юзасидан Болалар омбудсманининг маълум қилишича, шу йил 12 февраль куни 7 нафар ота-она томонидан хусусий мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган фарзандларга нисбатан тарбиячилар қўпол муносабатда бўлаётганлиги билдирилиб, қонуний чора кўриш бўйича мурожаат қилинган.
“Ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Болаларга нисбатан тан жароҳати етказилганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган”, – дейилади изоҳда.
Таъкидланишича, мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан 3 нафар тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда, бу борада қўшимча маълумот берилиши айтилди.